Ислом дунё бўлган таралган илк асрларда мусулмонларнинг лафзи, омонатдорлиги ва садоқатини кўрган ғайридинлар агарчи Исломни қабул қилмасалар ҳам мусулмонларнинг сўзларига ишонганлар. Чунки у пайтларда ҳар бир мусулмон лафзига жавоб берган.

Форсда Сус шаҳри қамал қилинди. Узоқ муддат туриб қолинди. Бир маҳал форсийлар қалъада эмин-эркин чиқиб келдилар. Мусулмонлар ҳайрон, буларга нима бўлди деб. Суриштириб кўрсалар оддийгина бир қул ўзича омонат хати ёзиб қалъага киритиб юборган экан.

Ўйлаяпсизми, муҳр йўқ, тамға йўқ, ҳозиргидек нотариусдан тасдиқланмаган бир энлик хатга ишониб оташпарастлар шаҳар дарвозасини юборганлар.

Мусулмонлар ҳам бир қулнинг хатига жавоб қилиб уларни шундай озод ташлаб кетганлар.

Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида уч киши бир одамни олиб келишди ва:

  • Бу одам бизнинг отамизни қатл қилди. Шунинг учун унинг жазосини беришингизни истаймиз, – дейишди.

Халифа у кишидан сўради:

  • Нима учун буларнинг оталарини ўлдирдинг?
  • Мен бир чўпон кишиман, – жавоб берди қотил, – Туяларимнинг бири буларнинг экинзорига кириб экинларининг устига бориб ётиб олди. Шунда уларнинг отаси ғазабланиб кетиб қўлига бир катта тошни олиб туяни урган эди, туя ўлиб қолди. Буни кўриб менинг ҳам жаҳлим чиқди ва ўша тошни олиб, у кишининг ўзига қайтариб отган эдим у ҳам ўлиб қолди.

Умар разияллоҳу анҳу бу ишни суриштириб бўлиб, чўпонни ўлимга ҳукм қилди. Ҳукм ижро бўладиган куни маҳкумдан охирги сўзини сўради. Шунда у:

  • Менга уч кун муҳлат берсангиз, отамдан қолган меросни укамга топширишим керак. Мен ҳозир қатл этилсам, укам мероссиз қолади, – деди.
  • Сенга муҳлат беришимиз учун ким кафиллик беради? – сўради халифа. Маҳкум ён атрофга қаради. Кўзи улуғ саҳобий Абу Зар разияллоҳу анҳуга тушди:
  • Мана шу одам, – деди.
  • Одамлар ташвишланиб қолишди.
  • Сен бу одамни кафилликкаоласанми? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
  • Ҳа, – жавоб берди ҳижолатда қолган Абу Зар разияллоҳу анҳу.

Агар маҳкум қайтиб келмаса, кафил бўлган унинг ўрнига жазоланиши керак эди.             Маҳкумга рухсат берилди. Одамлар уйларига тарқалдилар. Орадан уч кун ўтди. Халойиқ йиғилди. Лекин маҳкумдан дарак йўқ. Ҳолбуки, уни ҳеч ким танимас, бу шаҳарга бегона киши эди. Охири қуёш уфққа бош қўя бошлаганида шошилиб келиб қолди.

Чўпон югуриб келар, терлаганидан кийимлари шалаббо бўлиб кетган эди.

  • Омонатни эгасига топширдим. Мана энди жазони олсам ҳам хотиржам кетавераман. Укам бошқа жойга кетиб қолган экан. Шу сабабли куттириб қўйганим учун сизлардан узр сўрайман, – узрини изҳор қилди у. Ҳамма унинг мардлигига қойил қолди. Халифа сўради:
  • Менга айтчи, қайтиб келишга сени нима мажбур қилди? Ҳолбуки қочиб кетишинг ҳам мумкин эди.
  • Мен инсонларда ишонч қолмабди дейишларидан қўрқдим, – деди у. халифа Умар Абу Зардан сўради:
  • Сен умрингда кўрмаган, яна учратишинга ишонч ҳам бўлмаган бир бегона одамга кафиллик қилишингга нима мажбур қилди?
  • Одамларда ишончлилик қолмабди дейишларидан қўрқдим, – деб жавобберди Абу Зар. Бу гаплардан даъвогарларнинг қалблари эриб, қасосдан воз кечишди. Бунинг сабаини сўраган эди:
  • Биз ҳам одамларда  кечримлилик қолмапти дейишларидан қўрқдик, – дейишди.

Хўш, бугунги ҳолимиз қандай?

Мусулмонга ғайридин эмас, ҳатто отаси ҳам ишонмай қўймадими?

Шоир А. Орипов ёзганидек:

 

Юздан парда кетса,

Дилдан диёнат,

Меҳр ришталари зимдан узилса;

Юракларни босса шубҳа, хиёнат,

Ишонч кўприклари бузилса!

Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,

Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар;

Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,

Ғазналарга чўзилса қўллар.

Қачон ўзимизни ислоҳ қиламиз?

 

Қамариддин домла Минҳожиддинов.

Марҳамат туманидаги “Ўқчи” жоме масжиди имом-хатиби