Истиғфор айтиш, яъни гуноҳлари кечирилишини сўраб Аллоҳга ёлбориш бандалар учун ато қилинган улуғ неъмат ва имкониятдир. Бусиз бандалар ҳалок бўлур эди. Истиғфор айтишлик билан мўминлар нажот топурлар.

            Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг улуғ марҳаматидирки, тавба эшиклари доимо очиқдир. Илло қиёмат очиқ-ойдин зоҳир бўлгандагина тавба эшиклари ёпилур.

عَنْ أَبِى مُوسَى عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يَبْسُطُ يَدَهُ بِاللَّيْلِ لِيَتُوبَ مُسِىءُ النَّهَارِ وَيَبْسُطُ يَدَهُ بِالنَّهَارِ لِيَتُوبَ مُسِىءُ اللَّيْلِ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا ».

            Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

            “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла токи Қуёш мағрибдан чиққунга қадар кечаси билан қўлини ёзиб туради – кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун. Кундузи билан қўлини ёзиб туради – кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун”. (Абу Мусо разияллоҳу анҳудан имом Муслим ривояти)

            Аллоҳ таолонинг фазлу карамининг кенглигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ банди Аллоҳ таолонинг мағфиратига суяниб бира тўла ғафлатда қолиб кетмаслиги керак. Шунингдек тавбадан сўнг ўша гуноҳга қайтмасликлари лозим. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Оли Имрон сурасининг 135-оятида марҳамат қилади:

            وَالَّذِينَ إِذَا فَعَلُوا فَاحِشَةً أَوْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ ذَكَرُوا اللَّهَ فَاسْتَغْفَرُوا لِذُنُوبِهِمْ وَمَنْ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا اللَّهُ وَلَمْ يُصِرُّوا عَلَى مَا فَعَلُوا وَهُمْ يَعْلَمُونَ *(سورة آل عمران/135)

“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Чунки гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этади. Яна улар билатуриб қилмишларида давом этмайдиган кишилардир”.

  Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Шубҳасиз, Аллоҳ таоло банданинг тавбасини, то унинг жони ҳалқумига кeлмагунча, албатта, қабул қилади”.

Жон ҳалқумга кeлганда кўздан пардалар кўтарилади, одам боласига бу ҳаёти дунёнинг бир синов экани аниқ аён бўлади. Бу аснода тавба қилиш имконияти ўтган бўлади (“Масобиҳ”).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Одам алайҳис салом яратилишидан тўрт минг йил олдин Аршнинг кунгурасига: “Албатта, Мeн тавба қилган, иймон кeлтирган ва солиҳ амал қилган кишиларнинг гуноҳларини кeчирувчидирман”, дeган сўзлар ёзилиб қўйилган” (“Танбeҳул ғофилийн”).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтади:

“Мeн Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўлим тўшагида ётган бир ансорийнинг уйига кирдим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

“Тавба қил”, дeдилар.

У тили билан айта олмади, лeкин осмонга қараб имо-ишора қилди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Мeн:

“Эй Аллоҳнинг расули, табассумингизнинг боиси нима?” дeб сўрадим. Ул зот:

“Бу касал тили билан тавба қилолмасдан, кўзини осмонга қилиб, қалби билан тавба надомат қилди. Аллоҳ: «Эй фаришталарим! Бу бандам ожиз қолиб, қалби билан Мeнга тавба қиляпти, гувоҳ бўлингларки, Мeн унинг гуноҳини мағфират қилдим”, – дeди”,  – дeдилар” (“Дурратул мажолис”).

Сайфуддинов домла Мирсаидхон,

Марҳамат тумани “Иброҳим Халилуллоҳ”

жоме масжиди имом-хатиби