Инсон зоти бири-бирини кўрганда, қандайдир маънода розилик, кўрганидан   кайфияти яхшиланганини изҳор қилиб саломлашади. Қайси халқ қандай  саломлашади, бу энди ўша халқнинг урф-одати, анъаналари, маданияти ва  тараққиётига боғлиқ. Ҳар инсоннинг саломлашиши унинг одобини кўрсатади.  Саломлашиш билан инсонлар ўртасида илиқ муносабат, ўзаро ҳурмат, бир-биридан  хотиржамлик, тинчлик-хавфсизлик туюлади. Демак саломлашиш жамиятда катта  аҳамиятга эга экан.

Дунёда халқ кўп, уларнинг эътиқодлари ҳам турлича ва уларнинг саломлашишлари   ҳам турлича.  

Айрим халқлар вакиллари учрашганларида иккала кафтларини жуфтлаб, таъзим  қилишадилар, яна бошқалари иккала қўлларини ёнбошларига осилтириб, бир-бирларига қараб энгашиб қўядилар, яна бошқалари шу ҳолатни қўлларини  тиззаларига қўйишиб қиладилар. Францияликлар дўстлари билан қўл бериб кўришади  ёки ўпишиб қўяди. “Привет”, “хай”, “чмок” ёки шунга ўхшаш. Бу эса “оммавий маданият  белгилари” – одобсизлик холос.

Хитойликлар илгари замонларда бир-бирлари билан кўришиш белгиси сифатида ўз  қўлларини сиқиб қўйишган. Яна шундай элатлар борки, уларнинг саломлашиш  негизида “жонинг омонми”, “егулигинг борми”, “қорнинг тўқми”, “Танангда қувват  борми”, “кулбанг бутми”, “ўлим йўқми” каби луғавий манолар мужассам.    Ҳаммасида саломатлик ва тинчлик сўраляпти. Ислом динига эътиқод қилувчи  мусулмон халқларининг саломлашиш иборалари арабча “Ассалому алайкум”  ўзбекчаси “сизга тинчлик, соғлик-саломатлик тилайман” жавоби “Ва алайкум уссалом” ўзбекчаси “сизга ҳам тинчлик, соғлик-саломатлик тилайман” маъносида  айтилади.

Мусулмонларнинг саломлашишлари бошқа дин вакиллариникидан гўзалроқ ва маънолироқ эканлиги кўринади.

Аллоҳ таоло: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра  яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар  нарсанинг  ҳисобини олувчидир” деган (“Нисо”  сураси, 86-оят).

Демак саломлашиш иборалари тўлиқ, ҳар бир ҳарф-товуш тушириб қолдирилмай  яъни маънолари бузилмасдан талаффуз этилиши керак. Акс холда салом бергувчи  ёмон маънода тилак билдириб қўйиши мумкин. Масалан “Ассому алайка” дегани   “сенга ўлим тилайман” деган маънони беради.

Пайғамбар  соллаллоҳу    алайҳи  васалламдан:

“Қайси амал энг яхши амалдир?” деб сўралганда, у зот: “Таниган ва танимаган  одамингга таом ва салом бермоғинг”, деб жавоб берганлар.

Юқоридаги оят ва ҳадисда саломлашишнинг аҳамиятли нарса эканлиги  таъкидланланиб, берилган саломга ундан кўра яхшироқ ёки ўзига баробар жавоб  беришга амр этилмоқда ва барча мусулмонлар бир-бирларига таниса-танимаса салом  беришлари  уқдирилмоқда.

Маълумки, муқаддас динимиз Ислом таълимотлари инсониятни гўзал хулқу одоблар  билан зийнатлаб, эзгу фазилатлар касб эттирувчи илоҳий ўл-йўриқ ва кўрсатмалардан  ташкил топган. Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир  ҳадисларида шунга ишора қилиб, “аслида, Мен олийжаноб ҳулқларни камолига  етказиш учун юборилгандирман”, дея марҳамат қилган эдилар. (Имом Бухорий,  “Ал-адаб ал-муфрад” китобидан). 

Ушбу ҳадиси шарифда У зот ўзларининг Пайғамбар сифатида юборилишларидан  кўзланган мақсадлардан бири олижаноб хулқ ва фазилатларни камол топтириш  эканлигидан  хабар берганлар. Мазкур олийжаноб хулқлардан бири ҳам исломий   саломлашувдир. Албатта ҳар бир халқ ва маданиятнинг ўз саломлашиш услуби бор.   Исломдан аввал ҳам одамлар бир-бирлари билан турли хил кўринишларда  саломлашганлар. Аммо Ислом саломи ўзига хос. Негаки, уни одамлар эмас балки,  Аллоҳ таоллонинг ўзи сўнги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алай ва саллам орқали  жорий қилган. Бинобарин мазкур салом билан саломлашган кишилар қўшимча ажр-савобларни ҳам қўлга киритадилар. Чунки улар нафақат саломлашаётган, балки  диндаги бир буйруқни амалга ошириб, бир суннатни тирилтираётган бўладилар. Бу  жиҳатдан саломлашувнинг ўзи бир ибодат десак янглишмаган бўламиз.    

Ибн Жарийр қилган ривоятда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни  айтганлар:

“Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:

“Ассалому алайка,  йа Расулаллоҳ”, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга:

“Ва алайкассалому ва раҳматуллоҳи”, – дедилар.

Кейин бошқа бир одам келиб: 

“Ассалому алайка, йа Расулаллоҳи ва раҳматуллоҳи”, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

“Ва алайкассалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, – дедилар.

Сўнгра яна бошқа бир одам келиб: 

“Ассалому алайка, йа Расулаллоҳи ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳи”, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

“Ва алайкассалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, – дедилар.

Шунда у одам:

“Эй Аллоҳнинг Расули, отам ҳам, онам ҳам сизга қурбон бўлсин, ҳузурингизга  Фалончи, Фалончилар келиб, салом бердилар Сиз уларга мендан кўра яхшироқ жавоб  бердингиз?” – деб,  сўради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сен менга ҳеч нарсани қолдирмадинг. Аллоҳ таоло: “Қачонки сизга бир саломлашиш  ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки ҳудди ўзидек жавоб беринг.”, деган. Сенга ўзидек жавоб бердик ”, – дедилар. 

Қандай гўзал саломлашиш намуналари! Бизларга ота-оналаримиз, устозларимиз  саломлашиш калималарини тўғри талафуз этишимизга эътибор бериб, камчиликларимизни тўғрилаб, нуқсонсиз такаллум қилишга ўргатар эдилар. Навбат  бизга келдики, фарзандларимизга ва ёшларимизга ўшандоқ тарбия беришимиз лозим  бўлади.

Яна билмоқ керакки салом бермоқлик суннат, алик олмоқлик эса вожиб амалдир. Бизда ёши кичик ўнг қўлини кўксига қўйиб, ёши катталарга салом беради, лекин  биринчи бўлиб қўл узатмайди. Оилада хотин эрига салом беради. Фарзандлар укалар  ака-опаларга, ўқувчи талабалар ўқитувчи-устозларга салом беришлари шарт.

Саломлашишда қўл узатиб кўришишда юқоридагиларнинг тескариси, яъни қўл  узатиш каттадан бўлади, кичик одоб сақлаб туради, катта қўл чўзса кичик каттани  қўлини олиб кўришади. Ушбу мулоқотда устунлик каттада бўлганлиги учун шундай  қилинади. Буни унутмаслик керак.

Ишхоналарда раҳбарнинг жамоасига салом бериши – одоб ва камтарликка киради. Бош қимирлатиб қўйиш, қош қоқиш, пичирлаб қўйиш, киприк қоқиб бир  қараб  қўйиш – на салом бериш ва на алик олишга ярайди. Бундай саломлашиш ожизлик,  такаббурлик белгиси.

Кўпчилик йиғилган жойга келган киши, унинг мавқеи ёки ёшидан қатъи назар,  биринчи бўлиб салом бериши керак.

Бир киши  кўпчилик билан қўл бериб кўришиши шарт эмас. Кўпчилик шу келган  киши билан қўл бериб кўришиш истагини билдирса, бу бошқа гап.

Азон ёки такбир айтилаётганда, Намоз ўқилаётганда, ҳаммомда ювинаётган кишига,   ҳожатхонада ўтирганга, номаҳрам аёлларга, оғзида таоми бўлган кишига, дуо, хутба  ўқиётганга, ҳажда “Лаббайка” айтаётган кишига салом бериб бўлмайди.

Қуръон ўқиётган, ёки диққат билан компьютерда ёки қоғозда ёзаётган, бошқа ижодий иш билан машғул одам, ишини қўйиб келган киши томон қараса, салом бериш жоиз.

Уловдаги киши-пиёдага, пиёда кетаётган одам ўтирганга, озчилик кўпчиликка,   кичиклар катталарга, юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедаги одамга биринчи  бўлиб салом беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам алайҳиссалом: “Токи мўмин бўлмагунингизгача    жаннатга кирмайсиз. Токи, бир-бирингизни яхши кўрмас экансиз, (комил) мўмин  бўлолмайсиз. Бир-бирингизга нисбатан  (қалбларингизда)  муҳаббат пайдо бўлишига  сабаб бўладиган ишга далолат этайми? Орангизда саломни ёйинг!”. (Имом  Муслим  ривоят  қилган).

Аллоҳим, мусулмон бандаларингни кибрланишдан сақлагин, ҳақиқий мўмин бўлиб,  бир-биримизга муҳаббатли қилгин. Амин! 

Сайдулло домла Исмоилов,

Асака шаҳар “Аҳмадали махдум”

жоме масжиди имом-хатиби