Хар бир жамият ўзининг пойдевори-келажаги бўлмиш ёшлари хақида қайғуради, уларнинг илм-маърифатли бўлишида бор имкониятлардан фойдаланади. Хақиқатдан ҳам, илм ва таълимга эътибор бўлмас экан, мамлакат ва миллат таназзулга юз тутади. Илмсиз одамлар тубанлашади, жамиятлар хароб бўлади. Шундай экан, хар бир юрт фуқароси бу муҳим омилга бепарво бўлмаслиги зарур. Фарзандлар тарбияси ва уларнинг аҳлоқ-одобига ота-она маъсул ва жавобгар. Агар фарзанд тарбиясини фақатгина ўқув даргоҳи ва ҳукуматга ташлаб қўйса, ота-она хар икки дунёда ҳам жавобгар ва гуноҳкор бўлади. Фарзандга эътибор давлат даражасига кўтарилгандан кейин албатта, ота-она ҳам энди ўз жавобгарлигини ва вазифасини англасин. Фарзандларга тиргак, уларни қўллаб-қувватлагувчи маърифат ёрдамчиси бўлмоғимиз зарур. Бугун ота-она эртанги фаровон ҳаёт учун уларнинг олдидаги ўз бурчларини бажарсин. Фарзандларнинг аҳлоқи борасида бугун эътиборни кучайтирмоқлик жуда муҳим эканлигини ҳаёт кўрсатиб турибди. Улуғлардан: “Олдин илм олинадими ёки одобми”, деб сўраганларида улар “Одоб”, деб жавоб берганлар. Фарзандларнинг юриш туриши, умрини ғанимат олтин даврини одоб-аҳлоққа ва илм-маърифатга йўналтирмоғимиз муҳим. Бу йўлда устоз ва муаллимлар, ота-оналар ва давлат миқёсида бирлашиб ҳамжиҳатликда ишлар олиб борилса, иншааллоҳ эртанги кун эгалари бизлар ният қилгандек бўлиб камол топажаклар.
Гўзал аҳлоқли бўлиб улғайган фарзанд илмга ва ҳунарга ҳам эътиборли, вақтини ғанимат биладиган, умрини, ёшлигини омонатлигини ўзи англаб етади.
“Адибус-соний” китобида тарбия хақида шундай сўз кетади: “Тарбияли бола улуғларни ҳурмат ва иззат қилур. Ўзи баробариға яхши муомила қилур ва ўзидан кичикларга шавқат ва марҳамат қилур. Ўзидан рози қилмоқға харакат қилур. Қўлидан келганича бошқа инсонларга ёрдам қилур. Инсонлиқға ярашган ишлардан ўзини тортмас. Ярашмаған ишларнинг яқиниға бормас. Ўзи билмайдирғон ва қўлидан келмайдирғон ишларга аралашмас. Хар сўзни вақтиға ва жойига қараб сўзлар. Ўзлариға ва бошқаларға фойдаси тегмайдирғон ишларға қадам қўймас. Тарбиясиз ёмон болаларга қўшулмас. Ота ва онасининг, муаллим ва ҳалфаларнинг сўзларидан чиқмас. Бировдан яхшилик кўрса эсидан чиқармас. “Миллат” деган сўзни жонидан ортиқ суяр… “
Ҳа, бизлар фарзандларимизни улуғ аждодларимиз қолдирган илмий ҳазиналар билан камол топтирсак, иншааллоҳ муродимизга етамиз. Юртбошининг боболаримиз қолдирган бебаҳо илмий мерослари ҳақида бот-бот гапириши бежиз эмас. У илмий меросларда ҳам Қуръон, ҳам суннат таълимотлари, яна дунёвий имллар тараққиёти мусажжам.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни салоҳиятли, ватанига, халқига муҳаббатли авлодлар бўлиб камол топмоғини насиб айласин.
Биз катталарни уларга эътибор қаратиб ҳаётда муносиб ўринларини топишида кўмакчи қилсин.
Янги санада, яхши ниятда бошланган ишларимизга Ўзи мадодкоримиз бўлсин.

Абдураҳмон домла Артиқов,
Андижон шаҳар “Уйғур”
жоме масжиди имом-хатиби.