Аслида ота-она учун фарзандининг камолини кўришдан кўра каттароқ қувонч ва бахт йўқ. Шундай экан, фарзандларни камолот сари элтувчи йўлга йўллаш ота-оналарнинг вазифасидир. Аллоҳ таоло биз сизга фарзанд неъматини берганда катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Энди фарзандларимизни шундай тарбия қилайликки, бизнинг ҳаётлигимизда ва ҳаётдан кўз юмганимиздан кейин ҳам бизга раҳмат олиб берадиган бўлсин. Чунки фарзанд отанинг сиридир.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  “Биз Одам болаларини, (инсонни) азизу мукаррам қилдик”, дейди (Исро, 70).   Ҳақиқатан ҳам, гўдак ёруғ дунёга келганидаёқ,  Аллоҳ унга жуда бебаҳо неъматлар ато этган бўлади. Кейин уни тарбия қилиб, асраб-авайлаб,  вояга етказиш ота-онанинг муқаддас бурчидир. Инсон ирқи, миллатидан қатъий назар, мийсоқ кунида Аллоҳга келтирган азалий имони билан туғилади. Барчамизга маълумки, “Ал-Мийсоқ” да Одам атодан то қиёмат кунигача дунёга келадиган инсонларнинг руҳлари саф тортиб турганларида: ” Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?” деб сўраган. Шунда ҳаммамиз бир овоздан: “Имон келтирдик, тасдиқ этдик”, дея жавоб қилганмиз. (Ароф, 172).

Масалан, асаларини олайлик. Унинг руҳига: “Қанотингни очиб уча бошлаганингдан то умрингни охиригача бандалар учун шифобахш неъмат-асал тўплайсан”, деб илоҳий тарбият берилган. Асалари шу вазифани мукаммал адо этади. Уяга кираверишда икки “қоровул” ҳар бир ишчи арини ҳидлаб кўраётганини кузатамиз. Мабодо бирортаси ҳаром нарсадан истеъмол қилган бўлса, ўнг тарафдаги ари уни аниқлагач, чап тарафдагисига ишора қилади. У ҳам тасдиқласа, бўйнини тишлаб узиб, ерга ташлаб юборишади. Парвардигор, бандаларим ҳаром еб қўймасинлар, акс ҳолда, имонлари заифлашади, бола-чақаларининг тарбиясига путур етади, деб сизу бизга шундай ибрат мактабини яратиб қўйган.

Ёки бўлмаса, эндигина тухумдан чиққан икки жўжага эътибор қилинг. Бири товуқ, иккинчиси ўрдак жўжаси. Маълум муддатдан сўнг ўрдак сувга интилади, товуқ жўжаси эса қуриқликда қолади. Ажабо, жўжаларга тухумдан чиқибоқ бу тахлит ҳаракат қилишни ким ўргатди экан? Албатта, бу бутун борлиқни яратган Аллоҳ таолонинг иши.

Аммо инсон боласининг тарбияси туғилгандан то сўнги нафасгача давом этаверади. Тарбияда танаффус бўлмайди. Чунки инсон унутувчи, унинг душмани шайтон унуттурувчидир. Аллоҳ қиёмат куни ҳар бир неъмат хусусида сўралишимизни марҳамат қилган. Фарзанд тарбияси борасида ҳам ҳудди шундай. Авлодларимизни соғлом, ақлли, одобли қилиб тарбиялашимиз ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, агар киши ўзи тарбияланган бўлмаса, фарзандига ўзи ўрнак бўлолмаса, айтган гапларига ўзи амал қилмаса, у ҳеч қандай натижага эриша олмайди.

Алҳамдулиллоҳ, ватанимиз мустақилликка эришиб, халқимиз озод бўлди. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, то шунга қадар маънавият тарбиясига алоҳида эътибор берилмоқда. Сиз билан бизнинг вазифаларимиздан бири баркамол авлодни тарбия қилиб, жамиятимиз, миллатимиз ва динимизга манфаати етадиган буюк инсонларни етиштириб чиқаришдир. Баркамол авлод деганда, жисмонан баркамоллик ва маънан баркамоллик тушинилади.

Жисмонан  баркамоллик: фарзандларимизни ёшликда жисмоний меҳнатга кўниктиришлик, танини соғлом қилиб вояга етказишлик.  Маънан  баркамоллик: одоб-ахлоқ, маърифатли қилиб тарбиялаш, озодалик- покизалик, шахсий тозалик, ота-она ҳурмати, ватанга муҳаббат, эътиқодини мустаҳкамлиги, айниқса, турли бузгунчи диний оқимларга аралашиб натижада нотўғри ақида билан онгини заҳарланиб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратмоқлик лозимдир.

Юқорида инсонни азизу мукаррам қилганини айтиб ўтилди. Инсон нимаси билан шарофатли, азиз бўлди? Инсон илм сабабидан шарофатлик ҳисобланади. Шарофатлиги жисмоний қуввати билан эмас чунки туя ундан кучлироқдир. Жисмини катталиги билан ҳам эмас чунки фил ундан кўра каттароқдир. Шижоати билан ҳам  эмас чунки йиртқичлар ундан кўра шижоатлироқдир. Ейишлиги билан ҳам эмас чунки хўкиз инсондан кўра кўпроқ ейди. Фарзандларимизни илмли-билимли, ҳунарли қилайлик.

Бугунги кунда фарзандларимизни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилар эканмиз, Ҳазрати Али айтади,  ҳар бир даврда ўзига хос, ўрганиш лозим бўлган илмларни эгаллашга ишора қилиб: “Болаларингизга келажак давр илмини ўргатингиз, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келишади“, деганларини эслаш муҳим.  Шу ўринда Ҳазрати Навоий бобомизни бир сўзлари келтиришни лозим топдим:

Уруғ ерга тушиб чечак бўлди,

Қурт жондан кечиб ипак бўлди.

Лола туҳумича ғайратинг йўқми,

Ипак қуртича ҳимматинг йўқми.

Бизлар ҳам фарзандларимизни  тарбиясида, ватанига садоқатли, элга беминнат хизмат қилишда  ғайрат қилайлик ва ҳимматли бўлайлик.

Ҳақиқат шуки, қайси ватанда, қайси оилада ҳалоллик, поклик, имон-эътиқод, Аллоҳ берган неъматларга шукрона ва гўзал тарбия-маънавият бўлар экан, у ерга, албатта, қут-барака, бахт-саодат ёғилади.

Жаннат монанд юртимиздаги ҳар бир хонадонга Аллоҳнинг  раҳмати ва барокати ёғилиб, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин.

 

Санатбек домла Турсунов,
          Андижон туманидаги
          “Усмони Зиннурайн”
          жоме масжиди имом-хатиби

имом хатиби