Ўтган Рамазон ойи Қуръон хатмилари ойидир. Бу ойда мўминлар қалбларида Қуръонга бўлган муҳаббатини янада кўпроқ ёядилар. Бутун дунё халқлари асримиз вабоси бўлган коронавирус эпидемиясдан ташвишга тушган бўлса ҳам, шундай шароитларда ҳам Қуръон хатмлари тўхтамади.

            Бугунги куннинг талаби бўлган карантин шароитида қориларимиз ўз уйларида, хонадонларида бўлса ҳам хатми Қуръонларни ўқиб бердилар. Қуръонни тўлиқ ёдлай олмаганлар китобга қараб хатм қилишни бошлаб юбордилар. Имом хатибларимиз ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгаши ва жойлардаги вакилликларнинг тавсияларига биноан,  маслаҳатлашган ҳолда Қуръон пораларини тақсимлаб, ҳар доимгидан ҳам кўпроқ тиловатга машғул бўлдилар.

            Диний идорамиз томонидан хатмлар онлайн тарзда халқимизга мунтазам равишда  етказилиб турилди. Чунки Қуръони каримнинг тиловати биз учун ибодат, аҳкомлари ҳаётимиз учун дастур, насиҳатлари ҳидоят, қиссалари ибратдир. Ҳар қандай мушкулдан чиқишнинг калити ҳам Қуръони каримдадир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Ҳаттоки туямнинг ипи йўқолса, у турган жойни ҳарҳол-да яна Қуръондан топа оламан”, – деганлар.

            Қуръони карим шафоатчидир. Имом Аҳмад Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

“Қуръон қиёмат куни қабр ёрилганда ўз соҳибига юзи оппоқ киши каби йўлиқиб:

  • Мени танидингми? – дейди. У:
  • Йўқ, – деб жавоб беради. Қуръон:
  • Мен кундузлари чанқатган, тунларингни бедор қилган ҳамроҳинг Қуръонман. Ҳар бир тижоратчи ўз тижорати ортидадир. Мен эса бугун сенинг ортингдаман», – дейди.

Сўнг унга мулк ўнг томонидан, абадийлик чап томонидан берилиб, бошига виқор тожи кийдирилади ва ота-онасига бу дунёнинг бутун қиймати ҳам унга тенг келмайдиган кийим кийдирилади. Улар:

  • Буни нима сабабдан кийдик? – деб ҳайрон бўлганларида, уларга:
  • Фарзандингиз Қуръонни қўлга киритгани учун, – дейилади. Сўнг унга:
  • Ўқи ва жаннат даражалари ва боғларида кўтарил!, – дейилади.  У тез ўқийдими, секин ўқийдими, модомики ўқир экан, кўтарилиб бораверади”.

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Аллоҳ азза ва жалла: ” Қуръон кимни Менинг зикримдан ва Мендан (ҳожатини) сўрашликдан машғул қилиб қўйса, унга сўраганларга берадиганимдан ҳам афзалини бергайман. Аллоҳнинг Каломининг бошқа сўзлардан устунлиги Аллоҳнинг халқидан устунлиги кабидур”, – дейди”. (Розийнинг “Фазоилул Қуръон” китобидан)

Бу қандай улуғ неъматки, Аллоҳ таоло бизларга ато қилибди, биз тиловат билан банд бўлсак, Аллоҳ Ўзи бизнинг ҳожатларимизни раво қилгай. Ҳолбуки, биз ҳар қанча дуо қилсак-да, ўзимиз учун нима зарур, қай нарса эртамиз учун фойда, қай бири зарар эканини билмаймиз. Буюк Аллоҳ эса ҳаммасини билгувчидир!

Қуръон ўқинг, дуо қилинг, йиғлаб-йиғлаб Аллоҳдан сўранг, дунё ва охиратнинг бахту-саодатига етказсин. Юртимизда тинчлик ва осойишталикни бардавом айласин. Будун дунёдаги Пандемияни инсоният бошидан кўтарсин!

Манбаалар асосида

Ҳасанбой домла Умаралиев,

Марҳамат тумани

“Ҳакимхўжа эшон бува” жоме масжиди имом-хатиби