Қадр кечасини қандай ўтказмоқчисиз?

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  Қадр сураси 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан яҳшироқдир” деб марҳамат қилди.

Қадр сўзи икки ҳил маънода англатади. Биринчиси қадри улуғ бўлса, иккинчиси миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир.

Биринчиси бу Қуръони карим нозил бўлган қадр кечаси бўлса, иккинчиси Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарга топшириш кечасидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида ибодатларга кўпроқ эътибор қилганликлари ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Жумладан: Оиша онамиз айтадилар: “Рамазон ойининг охирги ўн куни бошланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларга қаттиқ киришардилар, кечаларни бедор ўтказар ва аҳлларини ҳам (ибодат учун) уйғотар эдилар”.  

Аллоҳ таолонинг Қадр кечасини яширинишдаги ҳикмати шундаки, инсонлар Рамазон кечаларини ғафлатда ўтказиб юбормасдан, бугун Қадр кечаси бўлиши мумкин деган умид билан рамазон кечаларни бедор ўтказишлари лозим эканликларидадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга қулайлик бўлиши учун охирги ўн кунни ва унинг ичида охирги етти кунни ҳамда унинг ичидан тоқ кечаларни тайин қилдилар.

Аксар Уламолар эса қадр сурасини тафсир қилиб, қадр кечаси рамазон ойининг 26-дан 27-га ўтар кечаси эканлигига иттифоқ қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу  ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади” (Муттафақун алайҳ).

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ шундай деганлар:

Бу кечада банда бир хилват жойда ўтирган бўлса, у ўзи бўлса ва Аллоҳ жалла жалалуҳ билан боғланиб олган бўлса ва Аллоҳ таъолога дуолар ва илтижолар қилаётган бўлса, бу кечанинг ҳақиқий амали ва талаби шудир.

Бу кечада одамлар ўзлари тарафидан йиғинлар ва тантаналар барпо қилиб олишган. Бундан сақланинг ва бу кечанинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билинг ҳамда ёлғизликда ибодат қилишга ҳаракат қилинг.

Демак бу кеча шундай кеча эканки, ҳар бирларимиз ўз хонадонларимизда, оиламиз даврасида, яккаю-ёлғизликда Аллоҳ таъолога илтижой қилиб, кечани ибодатлар, тасбеҳу-таҳлиллар билан ўтказмоқлигимиз даркор.

Ҳар бирларимиз Аллоҳ таоло сўраб, қадр кечасининг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яҳшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлишлигимиз керак.

Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловатлари ҳамда илтижо, дуои-хайрлар фазлидан ўтган гуноҳларимизни кечиришлиги сўраб, бу кечада ҳар бирларимиз оиламиз даврасида бедорликда кўпроқ дуолар қилиб, дуоларимизда эса фарзандларимиз камолоти, юртимиз истиқболи, жаннатмакон Ватанимизни янада равнақ топишлиги, шунингдек, бутун дунёни, ҳусусан бизнинг юртимизни ҳам ташвишга солиб турган коронавирус иллати тез орада бартараф бўлишлигини, юртдошларимиз эса яна аввалгидек барқарор хаёт тарзига қайтишлигини Аллоҳ таолодан сўраб дуои-харйлар қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло ҳар бирларимизни Лайлатул Қадр кечасининг файзу-баракотидан насибадор айласин.

Вакиллик ходими Нуруллоҳ Қодиров