РЎЗА ФИТРИ

502

Оёқ-қўл ва бошқа барча жисмимиз аъзоларини фақат савоб ишларни бажаришга бўйсундириш лозим. Шундагина Рамазон ойи амалларини бажарган бўламиз. Шу бир ой ичида кимки ўзини яхшиликка бахшида эта олса, йил давомида у кишини эзгу ишлар тарк этмагай.

Рамазон ойининг ҳар бир куни байрам ҳисобланади. Чунки Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бир рўзадорга иккита хурсандчилик бор – бири ифтор вақтида, яна бири Аллоҳга рўбарў бўлганда.

Ушбу муборак ойни ҳақиқий меҳр-оқибат даври десак ҳам асло муболаға бўлмайди. Ифторлик баҳона кўпчилик қариндош-уруғлар бир-бирларини бир қатор йўқлаб оладилар. Шу билан бирга, шариатимизда жорий қилинган рўза фитри ҳам борки, меҳр оқибат ришталарини янада маҳкам боғлайди.

Рўза фитри ўзи нима?

Келинг, рўза фитри ҳақида бир оз тўхталиб ўтайлик.

Ушбу улуғ ой давомида барча инсонлар ўзидаги қусурлардан ҳоли бўлишга интилади. Чунки барча шайтонлар бу ойда занжирбанд этилиб, одамни қинғир ишларга жалб этолмайди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзгача салоҳиятда бўладилар. Лекин инсон қалбида ёлғиз Шайтон қолади ва мусулмонлар рўзанинг шартларини бажаришида хатоликларга йўл қўйиши учун бор кучини сарфлайди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, иродаси кучли одам рўзани чиройли адо эта олишга қурби етади. Аммо ожиз банда хатоликлардан ҳоли эмас. Шу жиҳатдан у билиб билмай содир этган айбу нуқсонларимизни бартараф этиш  учун ойнинг охирги ҳафталарига бориб, (Ҳайит намози ўқилгунга қадар) фитр садақасини бериб юборишлари лозим бўлади. Бу эса бандачилик билан ўтган нуқсонларга каффорат бўлади. «Мухтасар ул-виқоя» китобида баён қилинишича, фитр садақаси учун моли нисобга етган, озод мусулмон ярим соъ (икки килограмм) буғдой ёки майиз, ёхуд уларнинг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади (агарчи унинг моли ўсувчи бўлмаса ҳам яъни бир йил айланмаса ҳам). Шу миқдордаги молга эга бўлган инсонга вожиб садақаларни олиш ҳам даромад бўлиб қолади.

Фитр садақаси вожиб бўлган киши ўзи учун ва балоғатга етмаган фарзандлари учун ҳам беради. Фарзандлар балоғатга етгандан сўнг мукаллаф бўлиб қолганлигидан ўзларига вожиб бўлиб қолади. Шунингдек, хотини ҳам жавобгар бўлади. Демак, хотин ва балоғатга етган фарзандлар бой бўлса, рўза фитрини ўзлари тўлайди, фақир бўлса соқит бўлади. Балоғатга етмаган фарзанд бой бўлса (васият билан меросга эга бўлса ёки мустақил мулки бўлса) ўша ўзининг мулкидан олиб берилади.

Фитр садақасини бериш Ҳайит куни тонг отганда вожиб бўлади, аммо аввалроқ бериши ҳам жоиздир.

«Ибодати исломия»да ёзилишича, «Фақир киши ҳам фитр садақасини берса савобга эга бўлади», дейилган. Шу ўринда, фақир киши фитр садақасини бериш вожиб деган кимса шариатга хиёнат қилган бўлиб, гуноҳкор бўлади.

Фитр садақаси моли нисобга етмаган ака укаларга, опа сингилларга, қўни-қўшниларга, қариндош-уруғларга ва бошқа моддий ёрдамга муҳтож оилаларга берилгани маъқул.

Яратган тутаётган рўзаларимизни мақбул ибодатлардан қилсин, Ўзининг ҳифзу химоясидан бенасиб этмасин.

Санатбек домла Турсунов,

“Усмони Зиннурайн” жоме масжиди имом-хатиби