Биламизки, ҳаётда яхшилик ва зулм аралаш учрайди. Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб яратган. Инсон эса Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида доимо ақлини ишлатиб, яхшини ёмондан ажрата олиши лозим. Инсонлар баданидаги моддий ва жисмоний хасталикка эътибор берадилару, қалб ва руҳдаги дардларига бепарво бўладилар. Аслида моддий хасталикдан кўра маънавий касаллик ҳавфлироқдир. Чунки бадандаги дард одамнинг дунёдаги машаққат  умрига зарар етказиши мумкин. Қалб хасталиги эса, икки дунёда ҳам хасрат-надомат келтиради.

Қалб касаллиги ичида энг хавфли, зарарли ва ёмонроғи хасаддир. Бу фитна, адоват ва келишмовчиликларни келтириб чиқарувчи омилдир. Ер юзида энг биринчи содир этилган қотиллик ва қон тўқишга сабаб бўлган нарса ҳам айнан шу ҳасад эди. Ривоятларда келтирилишича, Одам алайҳисаломнинг икки ўғли Хобил ва Қобил қурбонлик қилади. Ҳобил ўзининг энг яхши молини қурбонлик қилди ва ундан қабул қилинди. Қобил эса, молининг энг ёмонини қурбонлик қилди ва ундан қабул қилинмади. Шунинг учун Қобил хасад қилиб, ўз биродарини ўлдиришни истади. Хасад орқали туғилган истак охир оқибат амалга ҳам ошди. Хасад шундай катта жиноятни келтириб чиқарганининг ўзи ҳам, унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканлигини кўрсатиб турибди.

Хасад инсонни ҳидоятдан тўсиб, залолатда давом этишига сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларини эълон қилганларида, ўша даврдаги аҳли китоблар пайғамбар ўзларидан эмас араблардан чиққанлигига хасад қилишиб,  исломни қабул этишмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисда ҳасаднинг зарари ва унинг муолажаси ҳақида шундай марҳамат қилдилар: “Сизлардан олдинги ўтган умматлардан сизларга етиб келган касаллик: душманлик ва ҳасадгўйликдир. Ваҳоланки, ҳасад қирувчидир. Сочнинг эмас, диннинг қирувчиси.  Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг нафси қудрат қўлида бўлган зотга қасамки мўмин бўлмагунча жаннатга кира олмайсиз. Бир-бирингизни севмагунча мўмин бўлолмайсиз. Қилганингизда бир-бирингизни яхши кўриб қоладиган нарса (амал)ни ҳабар берайми? Ўртангизда саломни ёйинглар”.

  Ҳасаднинг энг ёмон офати шуки, ҳасадгўй Аллоҳнинг тақсимотига эътироз қилгани учун унинг ғазабига дучор бўлади. Чунки хасадгўй Аллоҳ таоло ўз мулкидан хоҳлаган бандасига кўпроқ, хоҳлаган бандасига камроқ беришлигини адолатсизлик деб баҳолайди. Натижада ўзи ўша неъматлардан ҳам, қилган амалининг савобларидан ҳам маҳрум бўлади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки олов ўтинни егани каби ҳасад яхши амалларни еб тугатади”— деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Бир-бирингизга душманлик, ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгирманглар, ўзаро алоқаларни узиб юборманглар ва Аллоҳни аҳил–иноқ бандалари бўлинглар. Ҳеч бир мусулмон учун бошқа биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмасдир”,-дедилар. Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасига ёмонлик уруғини сочувчи барча иллатлардан қайтардилар.

Ҳасад аҳлоқий разолатлардандир. У инсондаги энг қабиҳ хислатлардан бири бўлиб инсонни осуда ҳаётини бузувчидир. Чунки, ҳасадчи доимо ўзидан бошқаларга бахтсизлик ва фалокат тилайвериб, ўзини ҳам шу ҳасад билан бадбахт қилиб қўяди. Бизни замонамизда ҳасад жуда хатарли тус олмоқда. Камбағал бойга ҳасад қилган, омадсиз омадлига ҳасад қилган,  хунуклар чиройлиларга ҳасад қилган ва ҳаказо. Инсон ўзидан ночорроқ кишиларга назар солиб, аҳволини солиштириб боришлиги ҳасаднинг олдини олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда ўз ҳадисларида шундай деганлар: “Сизлардан бирингиз мол-мулкда ва ахлоқда ўзидан устун турадиган кишини кўрса, дархол, шу нарсаларда ўзидан пастроқ турадиган кишиларга назар ташласин”.

Қадимги фозиллардан Асмаъий айтади: “Бир юз йигирма ёшга кирган бир кишини кўриб ундан сўрадим. Узоқ умр кўришингизга сабаб нима? У киши: Ҳасад, кинчиликдан парҳез қилдим. Мана шу хислатим узоқ умр кўришимга сабаб бўлди” деб жавоб берди.

Уламолар хасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш  ва ўша неъматнинг ўз сохибидан кетиб, хасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар. Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада хасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади. Хасад катта гуноҳдир. Хавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки, хасадчи бировга ёмонликни раво кўради, хавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилдилар: “Икки кишидан бошқаларга хасад қилинмайди. Улардан бири Аллоҳ таоло унга мол бериб, уни яхшилик йўлида сарфлашга мусаллат қилган кишидур. Иккинчиси: Аллоҳ унга илм (ҳикмат) бериб, у ўша илми билан амал қиладиган ва уни бошқаларга ўргатадиган кишидур ”. Демак, мол-мулкини ҳалолдан топиб,  ҳалол жойга сарфлаётган кишига ва илмидан ўзи ҳам, бошқалар ҳам манфаат топаётган кишига ҳавас қилиш мумкин. Аллоҳ таоло барчаларимизни инсонлар учун офат бўлмиш хасаддан ўзи асрасин. Доимо бир-бирларимизга хасад билан         эмас, балки ҳавас билан ҳаёт кечирмоқликка насиб  этсин.

 Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби