Ҳар бир мўъмин-мусулмон ўз ўтган яқинлари қабрини зиёрат қилиб, савоб топишни умид қилади. Зеро, қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амалдир. Исломнинг илк даврида қабристонга боғлиқ хунук одатларни кетказмоқ учун қабрлар зиёрати тақиқланган эди. Ёмон одатлар тарк этилгач, кейинчалик зиёратга рухсат этилди.

Қабр зиёрати қалбларни юмшатади, инсонга ўлимни ва охиратни эслатади. Шунинг учун ҳар замонда қабрларни зиёрат қилиб туриш, ўлгандан кейин қабрда кечадиган ҳолларни ўйлаб, ҳаётни яхши изга солишга, савобли, хайрли ишлар қилишга шошилиш керак. Зиёрат ўлимни эслатади, дунё муҳаббатини дилдан кетказади, беҳуда мақтаниш ва ғурурланишни тарк этишга сабаб бўлади. Ўликлар тирикларнинг дуоларидан, садақа ва эҳсонларидан фойда олади. Шу сабабдан қабристондаги ўликлар ҳақига дуолар қилмоқ лозимдир. Қабристонда ётганларни эртанги қўшниларимиз деб билмоқ ва қабристонни фақат кундузи эмас, балки кечаси ҳам зиёрат қилиш мумкин экан.

Аммо зиёрат қоидаси, одоб ва усулларини ўрганиб, билиб зиёрат қилса кўп савобларга эга бўлади. Шунинг учун ушбу мақолада қабристонни зиёрат қилиш тартиб ва одоблари ҳақида эслатишни лозим топдик.

Зиёрат одоблари:

  1. Аввало ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилмоқ лозим;
  2. Таҳоратли бўлмоқ суннадир;
  3. Бир оз муддатга дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйламоқ;
  4. Қабр аҳлига салом бермоқ;
  5. Оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзма-юз ўтирмоқ.
  6. Қабрни сийпаш, ушлаш, ўпишдан ва айланиб тавоф қилишдан қаттиқ сақланмоқ;
  7. Қабр бошида “Ёсин” сурасини ёки ўзи билган бошқа сура ва оятларни ўқимоқ;
  8. Қабрни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабрни босиш маййитнинг қорнини босиш кабидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтиш лозим бўлса, тасбеҳ-таҳлил, такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтса бўлади, дейилади;
  9. Ўтганларнинг яхши сифатларини эслаш суннатдир;
  10. Зиёратдан беҳад сокин, вазмин, ўйчан ҳолатда қайтиш лозим бўлади.

Ҳар бир мусулмон қабристонларнинг ободончилиги ва озодалигига маъсулдирлар. Қабристон ичида қўйлар ва молларни ўтлатиб юриш макруҳдир, дейилган. Чунки ҳайвонлар қабрларни бузиб, оёқ ости қилади. Иккинчидан қабр азоби ҳақдир. Қабрда азобланаётган баъзи кишиларнинг овозларини, инсу-жиндан бошқалар – фаришталар ва ҳайвонот олами эшитади, дейдилар. Улар бу овозларни эшитиб, семириш ўрнига озиб-тўзиб кетади, деб фикҳий китобларда билдирилган. Қабристондаги қуриган, қовжираган ўт-ўланларни ўриб, уларни ўта муҳтож, мискин, ғариб кишиларга бериш ёки сотиб, пулини қабристон эҳтиёжларига сарфлаш мумкин. Бу ишларни қабристон хизматчиси назорат қилади. Уларни сотиб олган киши ишлатавериши мумкин экан.

Зиёратга ҳамиша борса бўлаверади, аммо қабристонга зиёрат учун пайшанба ва жума кунлари бормоқ аълороқдир, дейилган.

Қабристонда емоқ-ичмоқ макруҳ, ўйин-кулгу қилмоқ, беҳуда сўзлар сўзламак мумкин эмас. Албатта зиёрат одобларига риоя қилиб, ўтган яқинларимизни эслаб, уларни ҳақларига дуода бўлиш ҳаётимизга мазмун бағишлайди. Аллоҳ бизларни ўтганларимизни эслаб, уларни ҳақларига ҳамиша дуода бўлиб яшашликни барчаларимизга насиб айласин.

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби