Ростгўйлик

1118

Бугун сизлар билан сўз юритмоқчи бўлган мавзуйимиз гўзал фазилат – ростгўйлик ҳақида бўлади.

Ростгўйлик мўминнинг энг улуғ сифатлардан биридир. Унинг зидди бўлган ёлғончилик эса энг ёмон иллатлардан биридир.

Киши ҳар бир ҳолатда ростгўй бўлмоғи даркор. Зеро, бу динимиз талабиҳамдир

Ростгўйликнинг даражаси:

Ростгўйлик ва омонатдорлик Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлмасдан илгари машҳур бўлган икки улуғ сифатларидан биридир. Ҳаттоки умрида ёлғон гапирмаганликларидан содиқул масдуқ яъни ростгўй, сўзи тасдиқланган, деган унвонни олган эдилар.

Ояти карима:

«Аллоҳ: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир» деди». Моида сураси, 119-оят.

Ҳадиси шариф:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар” (Имом Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Улуғлар насиҳати:

Ростгўйлик ҳудди тасбеҳнинг ипига ўхшайди. У узилса, кишининг барча фазилатлари сочилиб кетади.

Байт:

Худовандо, тирикда, жон чиқарда,
Лаҳадда, ҳашрда, кўприк ўтарда.
Жамиъи ерда мўмин отимиздин.
Айирма сидқимизни зотимиздин.

«Ҳазрати Билол» жоме масжиди

имом-хатиби Равшанбек Ўринбоев