Дўстлик ришталари шунчалар гўзалки, у инсонларга кўрк бағишлайди. Дўстлик алоқалари йўлга қўйилган жамиятда инсонларнинг турмуш фаровонликлари ҳам ҳавас қилгудек гўзал бўлади. Аслида барча динларда ҳам, ҳатто динсиз жамиятларда ҳам дўстлик алоқаларига қаттиқ бел боғланади. Дўстлик алоқалари жаҳон миқёсигача етиб борганидан мамлакатлар ҳам бир-бирларини ўзаро дўстона алоқага чорлайдилар. Агар бу фазилат бўлмаса эди, дунё хароб бўлғуси эди.
Хусусан муқаддас динимиз таълимотларида дўстликка алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Қуръони карим оятларида ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида баён қилинган.
Хусусан Қуръони каримда шундай дейилади:
وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Яъни: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар”. (Тавба. 71)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дўстликка кўп тарғиб қилганлар. Маккаликлар Мадинага ҳижрат қилиб борганларида энг аввало уларни мадиналик ансорлар билан дўстлаштириб қўйганлар. Дўстлик ҳақида кўплаб ҳадислар бор.
وعنه ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله – صلى الله عليه وسلم – : (( والَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ ، لا تَدْخُلُوا الجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا ، وَلا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا ، أوَلاَ أدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ ؟ أفْشُوا السَّلامَ بينكم )) رواه مسلم .
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, имон кeлтирмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирларингиз билан дўст бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Сизларни бир-бирингиз билан дўст бўладиган амалга далолат қилайми? Ораларингизда саломни ёйинглар”, дeдилар. (Муслим ривояти)
وعنه ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله – صلى الله عليه وسلم – : (( إنّ الله تَعَالَى يقول يَوْمَ القِيَامَةِ : أيْنَ المُتَحَابُّونَ بِجَلالِي ؟ اليَوْمَ أُظِلُّهُمْ فِي ظِلِّي يَوْمَ لاَ ظِلَّ إلاَّ ظِلِّي )) رواه مسلم .
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта Аллоҳ таоло Қиёмат куни: Менинг улуғлигим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Мeнинг соямдан бошқа соя йўқ кунда уларни соялантирурман”, дeйди”, дeдилар. (Муслим ривояти)
Биродарликнинг турли кўринишлари борлигини уламоларимиз таъкидлашади.
- “Албатта, мўминлар биродардирлар” маъносидаги оятдаги умумий биродарлик. Бу биродарлик ҳақида юқорида баён қилдик. Яъни иймон тақозосига кўра бўладиган умумий биродарлик. Мўминларнинг барчалари бир-бирларига биродар ва ака-укадирлар.
- Ўзаро қабилалар ва маҳаллалар ўртасидаги биродарлик. Бундай биродарликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Авс ва Хазраж қабилаларини ўзаро биродар қилиб қўйганлари мисол бўлади. Улар Исломга киришларидан аввал бир-бирларига душман эдилар. Иймон, ислом сабаб икки қабила бир-бирига биродар бўлишди. Ёки мухожирлар ва ансорийлар ўрталаридаги биродарликни ҳам мисол қилиш мумкин.
- Алоҳида шахслар ўртасидаги биродарлик. Яъни, бир-бири билан тез-тез кўришиб турадиган, бирга ишлайдиган, бирга ўқийдиган ёки битта маҳаллада яшайдиган инсонлар ўртасидаги биродарлик.
Муҳаммадшукур домла Мирзақобулов
Асака туманидаги “Сиддиқ ҳожи” жоме масжиди имом хатиби