Закот молиявий ибодат

545

Ислом дини беш асос устида қурилган бўлиб, шулардан бири бу – Закот ибодатидир. Закот Аллоҳ таоло томонидан мўмин бандаларига фарз қилган амалларидандир. Ҳақ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз...”(Бақара сураси, 43-ояти). “Закот” сўзи луғатда “поклаш”, “кўпайиш”, “ривожланиш”, “барака” каби маъноларни англатади. Зеро закот берган банданинг моли покланади. Закот бермаган кимсанинг молига бошқа ҳақдорларнинг насибаси аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. У қачон закотни адо қилса, молини поклаган бўлади. Қолаверса, закоти берилган молга барака киради. Шаръий истилоҳда закот махсус молдан, махсус қисмни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун беришдир. “Махсус мол” деганда нисобга етган мол назарда тутилади. “Махсус қисм” деганда маълум молдан ҳақдорларга берилиши лозим бўлган қисм назарда тутилади. “Махсус шахс” закот олишга ҳақдор кишидир. “Аллоҳ розилиги учун” лафзидан бу ибодат ихлос билан Аллоҳ розилигини истаб қилиниши кераклиги, риё ва шу каби иллатлар аралашиши билан банда ажр-савобдан маҳрум бўлиши тушунилади.Закот ҳижрий иккинчи йилда Мадинада Рамазон ойидан олдин фарз қилинган.Закот Қуръони каримда йигирма етти ўринда намоз билан бирга зикр қилинган. Бу эса намоз банда ҳаётида қанча муҳим ўрин тутса, закот ҳам шунчалик аҳамиятли, қилиниши лозим бўлган амаллардан эканига далолат қилади.

Закот Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари билан фарз бўлган. Ҳамма давр ва асрларда яшаб ўтган мусулмон уламолар закотнинг фарзлигига иттифоқ қилишган. Закот Исломнинг асоси бўлган ибодатлардандир, ақиданинг ажралмас қисмидир. Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир, уни адо этмаса, осий бўлади. Закот аслида молиявий ибодат бўлса-да, бу ибодатни бажариш учун банда молининг маълум қисмини ҳақдорларга берса-да, аслида бу билан Аллоҳнинг амри бажарилиши ирода қилинади. Орада мол-дунё ва бошқа зоҳирий нарсалар асл эмас, балки Аллоҳнинг буйруқларини бажариш аҳамиятлидир. Шу сабаб ҳам фиқҳий китобларда закот ҳақидаги ҳукмлар муомалалар бобида эмас, балки ибодатлар бобида баён қилинган. Чунончи закотда фақат моддият эмас, балки маънавият, руҳият ҳам бор. Закотни жорий қилишдан бойларнинг молларини нуқсон ва камчиликлардан сақлаб, уларнинг ўсишини таъминлаш ёки фақирларга яхшилик қилишнинг ўзи ирода қилинмаган. Балки закот банда мол-дунёдан устун экани, у нафсига қул бўлиб қолишдан узоқ бўлиши кераклигини англаб етиши ирода қилинган. Зеро закот бераётган банда нафсини тийиб, бахилликдан воз кечиб, Аллоҳга ибодат қилаётган бўлади. Бу билан у дунё ўткинчи, ундаги зийнатлар фоний эканини ёдга олади. Хуллас, закот ва шу каби ибодатларда биз билмаган ҳикматлар кўп. Бошқа тарафдан олиб қаралганда закот неъматларга шукр қилиш белгисидир. Мол-дунёга эришиб, закотни ҳақдорларга берган банда Аллоҳга шукр қилган бўлади. Закотдан бош тортган, нафси измидан чиқа олмаган кимса эса куфрони неъмат қилган бўлади.

“Нисоб” сўзи луғатда “асос”, “негиз”, “миқдор”, “даража”, “ҳисса” каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда нисоб кишининг моли, маблағидан закот бериши учун муайян миқдорни англатади. Ҳаётий эҳтиёж ва қарзлардан ортган маблағ 20 мисқол (85 грамм) олтин, 140 мисқол – 200 дирҳам (595 грамм) кумуш миқдорида бўлса, унинг қирқдан бири, яъни 2.5 фоизи закот сифатида ҳақдорларга берилади.

Қўй ва эчкилар нисоби 40та. Қирқтадан камида закот берилмайди. 40тадан 120тагача – битта қўй, 121тадан 200тагача – иккита қўй, 201тадан 399тагача – учта қўй, 400тадан 499тагача – тўртта қўй, 500тадан 599тагача – бешта қўй закот сифатида берилади.

Эътибор берилган бўлса, қўйлар сони кўпайиши билан бериладиган закот миқдори камайиб бораверади. Бу қўй боқишга қилинган тарғибдир. Ҳадисларнинг бирида қўй барака экани алоҳида таъкидланган. Сигир ва хўкиз нисоби 30та. Ўттизтадан кам бўлганда закот берилмайди. 30 тадан 39 тагача – битта бир ёшдан ошган эркак ёки урғочи мол, 40 тадан 59 тагача – икки ёшдан ошган эркак ёки урғочи мол, 60 тадан 69 тагача – иккита бир ёшдан ошган мол, 70 тадан 79 тагача – битта бир ёшдан, битта икки ёшдан ошган мол, 80 тадан 89 тагача – иккита икки ёшдан ошган мол, 90 тадан 99 тагача – учта бир ёшдан ошган мол берилади. Туя нисоби 5та. Бештадан камида закот берилмайди. 5тадан 9тагача – битта қўй, 10тадан 14тагача – иккита қўй, 15тадан 19тагача – учта қўй, 20тадан 24тагача – тўртта қўй, 25тадан 35тагача – битта икки ёшга ўтган бўталоқ, 36тадан 45тагача уч ёшга ўтган бўталоқ, 46тадан 60тагача битта тўрт ёшга ўтган бўталоқ, 61тадан 75тагача битта беш ёшга ўтган бўталоқ, 76-90тагача иккита уч ёшга ўтган бўталоқ, 91 тадан 120 тагача иккита тўрт ёшга ўтган бўталоқ берилади. Эслатиб ўтамиз, қўй, қорамол ва туя йилнинг аксар қисмида яйловда юрсагина улардан закот берилади. Экинлар, мевали дарахтлар ва асалдан ҳосилнинг ўндан бири берилади. Бу шариатда “ушр” дейилади. Агар ҳосил насос, челак каби сунъий суғориш воситалари билан амалга оширилса, у ҳолда ҳосилнинг йигирмадан бири закот қилиб берилади. Ушр беришда бой ёки камбағаллик инобатга олинмайди. Ҳар икки тоифа ҳам ушрни адо қилишлари шарт.

Аллоҳу таборака ва таолонинг бизга берган мол дунёсидан белгиланган закотни бериш, албатта унинг ўсиши ва барокотли бўлишида асосий омил бўлиш билан бирга, закотни олувчиларга ҳам катта манфаат бордир. Ушбу фурсатдан фойдаланиб, эътиборларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг жорий йилдаги закот, фитр садақа ва фидя бўйича қабул қилинган қарорини ҳавола этамиз:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 гр. тиллонинг бугунги кундаги бозордаги ўртача нархи 250.000 (икки юз эллик минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 гр. тилло ҳисобидан закот нисоби 21.250.000 (йигирма бир миллин икки юз эллик минг) сўм эканлиги ва мазкур суммадан қирқдан бир ҳиссаси, яъни  531.250 ( беш юз эллик бир минг икки юз эллик ) сўмга тенг бўлади.
  2. Бугунги кунда Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг ўртача тўрт минг сўм экани маълум бўлди. Фитр садақасининг миқдори 8000 сўм деб белгилансин.
  3. Бу йилги Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача қиймати 20.000 (йигирма минг) сўм деб белгилансин!

Олтинкўл туман бош имом-хатиби Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов