САХОВАТ ОЙИДА САХИЙМИСИЗ?

435

Ўғилгинам, тотимагил бахил нонидан,

Узоқ бўл, бахилнинг дастурхонидан.

                                                                      Фаридиддин Аттор

          Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: «Сахий Аллоҳга яқиндир, одамларга яқиндир, жаннатга яқиндир, дўзахдан узоқдир. Бахил эса Аллоҳдан узоқдир, одамлардан узоқдир, жаннатдан узоқдир, дўзахга яқиндир. Аллоҳ таолога жоҳил сахий обид (ибодатга берилган) бахилдан суюклироқдир» (Имом Термизий).

          Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қийинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали билан биридан узоқлашиб, иккинчисига яқинлашади.

Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Олимлар хайр­ли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини баён этганлар.

Имом Ғаззолий айтади: «Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга аҳамият бермаслик самарасидир. Мевага айтилган мақтов, шуб­ҳасиз, уни етиштирган дарахтга тааллуқли. Сахийлик – ҳақиқий тавҳид ва чин таваккулга эришиш натижаси. Яъни Аллоҳ таолонинг садақа билан мол камайиб қолмаслиги, бирга ўн баробар қайтаришига ваъдаси ва бандалар ризқини Ўз зиммасига олгани ҳақидаги кафолатига ­самимий ишончдан туғилади. Булар эса, ҳадисда ишора қилинганидек, тавҳид дарахтининг меваларидир.

Саховат, Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, «Муносиб нарсани муносиб бўлганга бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу чиройли хулқларнинг асосийларидан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир».

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (р.а.)дан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг наздида, дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик қиладиганидир.

Қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладиганидир”,-дедилар”.

           Азиз биродарлар муборак ойда турибмиз бу ойда қанча яхшиликлар, сахийлик ила атрофимиздаги биродарларимизга эҳсонлар қилсак оз. Чунки бу ойларнинг султони бўлмиш Рамазон ойидир. Келинг биродарлар вақт ютқазмайлик, ҳозирнинг ўзиданоқ имконийятимиз борича яхшилик қилишга киришайлик!

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Жўрабой” жоме масжиди имом-хатиби Сотволдиев Саидбурхон