Ёшларни “ўргимчак тўри” таъсиридан асраш

497

Дарҳақиқат дунёдаги энг ақлли мавжудот бу – инсон ҳисобланади. Инсонга берилган энг катта неъматлардан бири бу шубҳасиз ақлдир. Инсон ақл-идроки сабаб Яратган зотни танийди. Дунё ҳаётида бошқа жонзотлар ичида юқори ўринда туради. Инсон зоти дунёда яшар экан, ўзидан пок зурриёд, жамиятга наф келтирадиган фарзанд қолдиришга ҳаракат қилади. Албатта ёшлар жамият келажаги саналади. Ёшларни ҳар томонлама билимли, жисмонан бақувват, комил, етук инсон қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг ва бунга масъул бўлган шахсларнинг вазифасидир.

Ҳозирги тез суръатлар билан ривожланиб бораётган глобаллашув даврда ахборот воситаларидан фойдаланиш жадаллашиб бормоқда. Интернет асрида яшар эканмиз, хохлаймизми-йўқми ҳар биримиз интернет орқали бирор маълумот олишга, ёки маълумот узатишга мажбур бўлмоқдамиз. Тўғри, интернет орқали бир маълумотни тезлик билан олиш мумкин. Бунда бизни вақтимиз ёки маблағимиз тежалиши мумкин. Агар интернетдан тўғри йўлда фойдаланилса, бу жуда кўп қулайликларни беради. Бордию нотўғри йўлда фойдаланилса, бу жуда хатарлидир.

Ҳозирги кунда ёшларни нотўғри йўлларга кириб, адашиб қолишлари ҳам, айнан интернетдан тўғри фойдаланмаслик оқибатида келиб чиқмоқда. Интернет турли бузуқликларни, фаҳш, қотиллик, турли ёмон иллатларни пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Оммавий маданият деган бало ҳам интернет орқали тарқалмоқда. Ўз тўрига жуда ҳам кўп ёшларни тортаётган интернет, хозирги кунда ғаразли кучларнинг дахшатли қуролига айланиб қолди. Инсон онгини захарланиши жуда ачинарли ҳолат. Онги захарланган инсон ҳеч кимни хатто, ота-онасини ҳам гапини эшитмайди, ҳақ гап бўлса ҳам ақли қабул қилмайди. Интернет – чет эллардан туриб ўз юртига хиёнат қилаётлан, ёмон ниятли кимсалар учун қулай воситага айланди. Чунки улар ғўр, билимсиз ёшларни ўз томонларига оғдириб олишлиги, хоҳлаганича ўз ноғораларига ўйнатишлиги осон кечмоқда. Интернет орқали сохта даъволарни қилиб, ёшларни чет элларга алданиб кетиб қолиб, у ерларда хору-зор бўлиб, охири аянчли бир ҳолатда умри якунига етаётгани ҳар биримизни қалбимизни ларзага солади.   Ота-она фарзандини доимо назорат қилиб, фарзанди ҳақига чиройли дуода бўлса, билим олишлиги учун яхши шароит яратиб берса, келажакда у фарзанд албатта халқига ва ватанига жонкуяр инсон бўлиб етишади. Эътиқоди соф, диёнатли фарзанд тарбиялашни ҳар бир ота-она хохлайди. Бунинг учун ота-она аввало ўзи намуна бўлмоғи, атрофдаги бўлиб турган жараёнларга теран назар солиб, Яратган зот хузурида фарзанди учун масъул эканлигини ҳис қилар экан, келажакда фарзанди ёмон йўлларга кириб кетишлиги, интернет тўрларига илиниб қолиши олдини олган бўлади.

Шу ўринда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг: “Ёшларимизни бугунги глобаллашув даврида турли ёт мафкуравий хуруж ва унсурлардан сақлаб, уларнинг тарбиясини ўз қўлимизга олишимиз зарур. Уларни ислом ниқоби остида ҳаракат қилаётган бузғунчи оқимлар ўзларига қаратиб олишидан асрашимиз керак ва бу борада юртимизнинг барча қатламлари биргаликда ҳаракат қилмоғи лозим” деб айтганлари айни ҳақиқатдир. Демак ҳар бир инсон ўсиб келаётган ёш авлод учун бирдай масъулдир. Бу масъулиятни асло унутмайлик.

Олтинку́л тумани “Жалабек ота”жоме масжиди имом-хатиби Отабек Хусанов