Муқаддас бурч

1125

Ўзини шу муқаддас Ватаннинг асл
фарзанди деб билган ҳар бир инсон бундай тинчликнинг моҳиятини нафақат яхши
англайди, балки шунга муносиб ҳиссасини қўшади. Албатта, фаровон кунларимизнинг қадрига
етиш, уни асраб-авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлиги
ва осойишталигини бардавом қилиб, бу йўлда хизмат қилаётган барчани ҳифзу
ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан асрасин!
Ислом динида Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у туғилиб ўсган
жойи, истиқомат масканидир. Унинг таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини,
динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган.
Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал
саналади. Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифдаПайғамбаримиз
(с.а.в): “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик
қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”,-
деб марҳамат қилганлар.
Ватанни ҳимоя қилиш — бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш
эмас балки, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга
мерос бўлиб қолган анъаналарни, бағрикенг, саҳоватли халқимизнинг эзгу
фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни,, қоракўз ўғил-қизларимизни,
ёшларнинг дунёқарашини, кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун, жозиба ва таровати билан етказишимиз лозим.
Шунингдек, Ватан ҳимояси . шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими ким ва қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат
қурол кўтариб эмас, керак бўлса билим билан, ғанимларга раддия бериш билан
ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз
юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши олий вазифаси бўлмоғи керак.

Пахтаобод туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби Усмонов Абдуманнон