Бугунги соат сайин ривожланиш замонида ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун мисли кўрилмаган даражада кураш олиб борилмоқда. Бундай кураш ҳаётнинг турли сохаларида намоён бўлмоқда. Бундай хатарнинг таъсирини аввало ахборот сохасида кузатиш мумкин. Чунки бугунги кунда ахборот оқими кириб бормаган бирон бир нуқта ёки манзилни топиш мушкул иш. Айниқса, турли ёвуз кучлар ўртасида ўз манфаатларини кўзлаш мақсадида ҳар қандай фойдали ва зарарли ахборотларни тарқатиш ва шунинг орқасидан фойда кўришни қасд қиладилар. Ёш авлод вакиллари эса нима фойда ва нима зарар эканлигини англаши қийин, чунки улар ҳар хил маълумотларни яхши ёмонини ажратиш учун етарли билим ва тажрибага эга эмас. Ёшларни бундай зарарлардан ҳимоя қилиш ёш улуғ, тажриба кўрган ва оқ-қорани ажрата оладиган ота-оналар ва зиёлийларнинг масъулиятидир. Демак ёшларнинг онгида соғлом ва фойдали ахборот иммунитетини мустаҳкам шакллантиришда оила, маҳалла ва бошқа ўқув масканларининг аҳамияти бирламчи омилдир.
Бугунги кунда ёшларнинг онгини ва фикрларини эгаллашга қаратилган жиддий хатарлардан бири “Оммавий маданият” ҳисобланади. Аслида ғаразли мақсадларни кўзлайдиган айрим гуруҳларнинг фақат ўзларинигина манфаъатларига хизмат қиладиган, миллий қадриятларимиз ва шу билан бирга минг йиллардан бери ота–боболаримиз эътиқод қилиб келаётган муқаддас динимизга мутлақо зид ғоялари инсонни айниқса, ёшларни руҳан қашшоқ ва муте ҳолатга айлантириб қўяди. “Оммавий маданият”да асосан беҳаёлик, зўравонлик, фирибгарлик, гиёҳвандлик, майхўрлик каби иллатлар зимдан тарғиб қилинади. Ҳаётнинг маъноси шундан иборат деган зарарли ғоя ёшларнинг қалби ва онгига сингдирилади. Бошқача айтганда оммавий маданият ёшларнинг ҳаётини умуман заҳарлайди, уларни ўз тарихи, миллий қадриятлари, хатто ота-онасига бўйсунмайдиган манқуртга айлантириб қўяди.
XX аср ўрталаридан фан ва техника тараққиёти кучли ахборотлар йиғимини пайдо қилди. Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) – матбуот, кино, радио, телевидение, компьютер алоқаси замонавий ижтимоий маданият жараёнида салмоқли ўринни эгаллаб турибди. “Оммавий маданият” кишиларни, ҳаётни бефарқ кузатувчи томошабинга айлантиради ва ўзлари ҳам мавжуд ҳаётни гўё сароб каби тасаввур қилади.
Оммавий маданиятга қарши курашнинг энг самарали йўли – йигит-қизларимизни ёшлигидан бошлаб, юксак маданиятли, дид ва фаросат эгаси, мустақил фикрлайдиган, маърифатли, тарихда ўтган буюк ота боболарининг муқаддас динини ва табаррук қадриятларини қадрлайдиган авлод қилиб тарбиялашдан иборатдир. Ҳар бир миллатнинг маданияти, миллий ва умуминсоний қадриятлар негизида шаклланади. Бу ўринда ҳар биримиз қайси қадрият умуминсоний талабларга жавоб беришини теран англаб етмоғимиз шарт. Инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳайру-саҳоват, ўзгалар қадр-қимматини ҳурматлаш, юксак ахлоқ-одоб, буларнинг барчаси умуминсоний қадриятларнинг ажралмас қирраларидир. Зеро, ҳозирги мураккаб бир жараёнда миллий ва умуминсоний қадриятлар ўртасидаги номутаносибликни ҳар бир ёш яхши билмоғи лозим. Ана шундай фазилатларга эга бўлган ёшлар эса, замирида вайронкор ғоялар ётган, ёшларнинг онги ва қалбини бузувчи, уларни манқуртларга айлантириб қўювчи оммавий маданият намуналаридан ҳазар қиладилар.
Жаннатмакон юртимизда ўсиб-улғайиб келаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва маҳоратларини намойиш этишларига кўмаклашиш орқали, келажакда ўз ўринларини топишларига ёрдам бериш биз катталарнинг бурчимиздир. Бу соҳада шу ватан фарзандлари, ким бўлишидан қатъий назар, бир ёқадан бош чиқариб амал қилмоғимиз даркор. Агар биз аҳл ва ҳамжиҳат бўлиб, ҳамда юксак марраларни эгаллашда хормай-толмай ҳаракатда бўлсак, четдан келаётган ёт ғоялар бизни юртимиз фарзандларига ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Отабек домла Ҳусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби.