Ёшлар тарбияси ўта мураккаб ва ниҳоятда нозикдир. Унинг учун энг аввало уларга тарбия бергувчиларнинг ўзлари тарбияли бўлишлари керак. Ёшларимизнинг насиҳатга мойиллиги, тил ўқишлари, ўзидан катталарга ҳурмат эҳтироми биз хафа бўлган даражада эмас, балки катталаримиз ҳа ўз ўрнида катталик бурчини адо қилишлари керак бўлади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло насиҳат бобида шундай буюради:

ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ

Яъни: «Раббингнинг йўлига ҳикмат ила ва чиройли насиҳат билан чорлагин. Ва улар билан гўзал мужодала қил» (Намл, 125)
Бу усул ёшлар тарбиясида ҳам муҳим. Уларнинг дунёқарашларига эътибор бермаслик ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ёшларни тартибга солиб туриш наинки масъул шахсларнинг, балки ҳар биримизнинг вазифамиз. Бироқ бу ишга совуққон кишиларнинг топган баҳоналари: «гапирсанг бетингга сапчийди, ҳурматингни тўкади» дейишдан ўзга нарса эмас.
Эътибор беринг, мусулмон бўлмаган ўлкаларда каттаю кичик ҳаммаси «тенг ҳукуққа эга». Ўзидан каттага ҳурмат ва эҳтиромда бўлишлик биздагина шунчалик ривожланган. Нега?
Ота-боболаримиз катталик мақомини жойига қўйиб, тартиб ўрнатиб кетганининг таъсири эмасми бу?
Ҳарбий хизматда давр тақозосига кўра рус шаҳарларида бўлганман, Бир номусулмон миллат вақили билан катталарни ҳурматлаш ҳақида мавзу очилиб қолди. Шунда у пинагини ҳам бузмай: «Нима кераги бор уларни ҳурмат қилишнинг?!» деган эди. Иборани шундай сўзлар билан айтганки, шу сўздан ҳам кўп нарсани англаб олиш қийин эмас эди.
Уларнинг ҳаётини кўз олдингизга келтиринг — биров бировнинг мушугини пишт демайди. Бу эса ўта лоқайдликка олиб келиб қўйган. Алҳамду лиллоҳки, бизда бу камёб туйғу ҳозирча сероб. Одамларимиз ўтa ҳам лоқайд эмас. Келажак қайғусини елкасига ортиб олганлар топилади. Мен бу ўринда катталарни ёмонламоқчи эмасман, фақат келажак авлод олдидаги улкан масъулиятимизни эслатиб қўймоқчиман. «Бир болага етти маҳалла ота» деб бежиз айтилмаган.
Ҳозирги ёшлардан нолиятганлар ҳам аввалги оқсоқолларнинг олдидан ўтаётганда велосипеддан тушиб одоб билан ўтганларини эслар экан, мабодо беодоблик содир бўлса оқсоқоллар чақириб «Сен кимнинг болалисан?» деб суриштиришларини ўз оғизлари билан эътироф этадилар.
Демак, юртимиздаги ҳар бир фарзанд учун, келажак учун ҳаммамиз ва ҳар биримиз жавобгар эканлигимизни унутмаслигимиз керак.

 Улуғбек қори Йўлдошев,
Асака тумани “Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими.