Ён қўшни – жон қўшни

997

Абдуллоҳ саховатли, қалби юмшоқ киши эди. Уни Аҳмад исмли камбағал қўшниси бор эди. Бир куни Аҳмад кўп молга муҳтож бўлиб қолди. Лекин… Унга кўмак берадиган киши топилмади. Охири оқибат уйини сотишга қарор қилди.
Харидорлардан бири Аҳмадга:
-Қанча деяпсиз?
-Минг динор.
-Минг… Атрофда бундай уйлар беш юз динор туради-ку? Нархини ошириб юбормадингизми? Инсоф қилинг.
-Тўғри айтасиз биродар. Лекин бу уйни қўшниси саховатли, яхши инсон. Исми Абдуллоҳ. Касал бўлсам кўргани чиқади. Ҳол аҳвол сўрайди. Хурсанд бўлсам севинади. Хафа бўлсам ҳамдард бўлади. Шу ховлида яшаётганимдан бери бир оғиз ёмон гапини эшитмаганман. Харидор Аҳмаднинг гапларини эшитгач: “Кимни Абдуллоҳ каби қўшниси бўлса, уйини сотмаслиги керак”- деди.
Абдуллоҳ қўшниси ва харидор ўртасида бўлиб ўтган гапларни эшитиб хафа бўлди. Чунки қўшниси пулга эҳтиёж сезиб қолганини ундан яширганди. Абдуллоҳ дарҳол Аҳмадни олдига бориб, эй азиз қўшним! Сизга қанча пул керак бўлса мана олинг дея бир халта хамённи чиқарди. Уйингизни сотманг. Мен сизга қўшни бўлиб қолишни хоҳлайман.
Бу воқеа халқ орасида тарқалиб, зарбул масалга айланди. (Воқеа қаҳрамони бўлган меҳрибон қўшни Абдуллоҳ-машҳур Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ эди).
Яна бир ибратли воқеа.
Бир киши дўстидан уйида сичқон кўпайиб кетганини айтиб, ундан қандай халос бўлиш мумкин деб сўрабди.
-Шуни ҳам билмайсанми? Мушук боқиб қўй. Олам гулистон! Ҳаммасидан бир кунда қутиласан, қўясан.
-Мен ҳам аввалига шундай деб ўйлагандим. Қарасам мени уйимдаги сичқонлар қўшнимни уйига ўтиб кетар экан. Сичқонлар қўшнимга озор берганидан кўра, ўзимнинг уйимда юргани маъқул.
Хулоса шуки, ёши катта инсонлар ўз фарзандларига шу каби тарбиявий аҳамиятга эга ибратли воқеаларни айтиб, уларнинг мурғак қалбида қўни – қўшниларга нисбатан гўзал муомалани шакллантириши лозим. Зеро, бизнинг ҳам қилаётган ишларимиз келгуси авлодга ибрат мактаби бўлиб қолсин.

ЎМИ вакиллиги матбуот котиби
Искандарбек Зокиров