Илм дунёда азизлик, охиратда шараф келтирар

1333

Илм инсон ҳосил қиладиган фазилатлар орасида энг улуғидир. Илмли инсон дунёдаги энг катта бойликка эга бўлган кишидир. Жоҳил эса кўп яхшиликлардан маҳрум бўлган кишидир.

Илм даргоҳларида ўқиш бошланиши муносабати билан толиби илм укаларимизга бироз бўлса ҳам далда бўлиш ҳамда уларни илмга ғайратлантириш мақсадида қўлимизга қалам олдик. Аслини олиб қараганда илм катта мавзу бўлиб, унинг фазилатини битта мақола ёки битта мажлисда батафсил баён қилиб, тугатиб бўлмайди. Шунинг учун биз мавзунинг баъзи эътибор қаратиш лозим бўлган жойларига урғу берамиз халос.

Динимиз илмга тарғиб қилиш билан бир қаторда жаҳолатдан қайтаради. Илмга алоҳида эътибор бергани сабаб ҳатто илм талаб қилишни фарз даражасига кўтарган. Ҳадиси шарифда: Ҳар бир мусулмонга илм талаб қилиш фарздир, дейилган. (Ибн Можа ривоят қилган). Дунёда илмларнинг тури кўп. Бу ҳадисда назарда тутилган, фарз бўлган илм қайси? Бу саволга имом Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳ гўзал тарзда жавоб берган. Ул зот ўзининг машҳур “Таълимул мутаъаллим” китобида айтган сўзларини мухтасар хулосасини келтирамиз. Асарда муаллиф ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга барча илмларни ўрганиш фарз эмаслиги, балки ҳол илмини билиш фарз эканига урғу беради. Ибодатлар борасида уларни адо этадиган даражада илм ҳосил қилишни фарз дейди. Яна савдо-сотиқ, касб-ҳунар, қалбга оид амаллар, одоб-ахлоқ масалаларида ҳаромдан сақланиш учун илм ўрганиш фарзлиги айтилади.

Динимиз илмга алоҳида эътибор қаратган. Бошқа бирор халқ ёки тузимни илмга бунчалик эътибор қаратганини кўрмайсиз. Қуръони каримда илм сўзи турли кўринишларда 779 марта келган. Соддароқ қилиб айтсак, бу рақам тахминан ҳар бир сурада етти мартага тўғри келади. 100 дан ортиқ ҳадисларда илм олишга тарғиб қилинган. Шунинг ўзи ҳам Ислом илм-маърифат дини эканлигини кўрсатади.

Илм инсонни жаҳолат ботқоғидан илм нури сари етаклайди. Зеро, тарихни бир эслайдиган бўлсак, Аллоҳ  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган вақтда одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Ер билан осмонни боғлаган биринчи Қуръон оятидаги “Ўқи” сўзи бўлди. Нима учун айнан бу сўз танлаб олинди? Чунки инсонларни жаҳолат ботқоғидан халос бўлишининг ягона йўли ўқиб-ўрганишдир.

Қуръон каримнинг биринчи ва иккинчи нозил бўлгани суралари “Иқроъ” (ўқи) ва “Қалам” деб номланиши ҳамда уларнинг илк оятларида илм ва унга хизмат қилувчи ўқув қуроллари ҳақида оятлар нозил қилингани юқоридаги сўзимизни яққол тасдиқидир.

Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир! У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга у билмаган нарсани ўргатди. (Иқоръ сураси, 1-5 оятлар)

Эътибор берайлик, оятда “иқроъ”-ўқи сўзи икки бор ишлатилмоқда. Биринчи ўқи сўзидан кейин инсонни энг қадрсиз, қийматсиз лаҳта қон ҳолати зикр қилинмоқда. Иккинчи ўқи сўзидан кейин эса инсонни энг қадрли, энг олий, шарафли илм-маърифатли ҳолати баён қилинмоқда. Шунга кўра, ким дунёда ўқиб-ўрганса, илм ҳосил қилса қадр, қийматга эга бўларкан. Йўқса, ўша қийматсиз, қадрсиз ҳолатида қолиб кетаркан.

Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам. (Қалам сураси, 1-оят)

Ислом дини илм-маърифатга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади. Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмас. “Ҳар буюк шахс ортида аёл туради” сўзи ҳам бежизга айтилмаган.

Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий илмларнинг ўрни йўқ деган нотўғри тушунчага бориб қолганлар. Аслида диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Катта уламолардан Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги фикримизни яна ҳам очиқлаб берган.

“Уламолар илмларни мақталган ва мазаммат қилинганга бўладилар. Яъни: илмлар диний, дунёвийга бўлинмайди. Инсонни ниятига қараб ҳаммаси ухровийга айланиб кетади. Диний, дунёвий деб ажратиш улардаги мавзулар эътиборидан эканини таъкидлайдилар.

Тиббиёт, ҳисоб, саноат ва бошқа илмлар дунё манфаатларини қоим қилиш учун керак. Бу илмлар фарзи кифоя ҳисобланиб, унга доим эҳтиёж сезилади. Тиб илми зарурий илм бўлиб, у баданлар саломатлиги учун хизмат қилади. Ҳисоб илмига келсак, у ҳам зарурий илмдир. Чунки молиявий муомалаларда, мерос ва васиятларни тақсим қилишда унга эҳтиёж бор. Агар шаҳар ёки қишлоқда бу илмларни биладиган киши йўқ бўлса, ҳамма тенг гуноҳкор бўлади. Шаҳар аҳолисидан уни бажарадиган киши чиқса, бошқалардан гуноҳ соқит бўлади.

Тиббиёт ва ҳисоб (математика) илмини фарзи кифоя деганимизни ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Деҳқончилик, тижорат, тўқимачилик,  ҳижома қилиш, тикувчилик каби касбларнинг ҳам илмини билиш фарзи кифоя ҳисобланади. Агар юртда бирорта табиб бўлмаса аҳоли ҳалокатга юз тутади. Бу эса ақлан аҳмоқлик, шаръан ман қилинган ишдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. (Бақара сураси, 195-оят)

Инсонлар қадимдан юқоридаги илмларни ўрганиб, унинг ортидан касб қилиб келадилар. Бу ишни ҳалигача ҳеч ким инкор қилган эмас.

Ким мана шу илмларни ўрганар экан, нияти муҳтожга ёрдам бериш, заифларни қўллаш, ҳожатни раво қилиш, ўзига ва бошқа одамларга манфаат етказиш бўлса ажр олади. Агар бу каби ният бўлмаса ҳам гуноҳкор бўлмайди, маломат қилинмайди.

Уламолар юқоридаги илмларни фарзи кифоялигини айтар эканлар, унга қуйидаги оят-ҳадислар далилдир, дейдилар.

У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. (Ҳуд сураси, 61-оят)

Оқил киши ўзи учун дини ва дунёсида манфаат берадиган нарсаларга ҳарис бўлади. Зеро, ҳадиси шарифда: Сенга фойда берадиган нарсага ҳарис бўл, дейилган. (Имом Муслим ривоят қилган)

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварада кетаётиб хурмони чанглатаётган кишиларни кўриб қолдилар. Уларнинг нима қилаётганларини сўрадилар. Хурмонинг гули чанглатилса, меваси яхши бўлишини айтишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, бўладиган бўлса, бусиз ҳам ҳосил бўлаверади, деган маънода гап айтдилар. Одамлар хурмони чанглатишдан тўхташди. Ўша йили ҳосил яхши бўлмади. Кишилар келиб, бу ҳақда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизлар дунёвий ишларингизни яхшироқ билувчисизлар, – дедилар.

Хулоса ўрнида толиби илмларга айтар тилагимиз, илмларни пухта эгаллаб, ўз сохангизни етук мутахассиси бўлиб етишинг. Ўтган улуғ аждодларингизга муносиб ворис бўлинг. Юртга, халққа садоқат билан хизматлар қилинг. Зеро, ҳадиси шарифда: Сизларни яхшиларингиз инсонларга манфаатлироғингиздир, дейилган.

Нуриддин домла Холиқназаров

Андижон вилоят бош имом-хатиби