Аллоҳга беадад шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўп масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар.

Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир. Масжидларни обод этиш ҳамда уларни таъмирлаш улуғ савобли амаллардир.

 Мана шундай бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида, Бўстон туман «Бурхониддин Марғилоний» жоме масжиди шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ қайта қурилиш ишлари бошланди. 

Масжид учун тайёрланган лойиҳага кўра, ҳашаматли, намозхонлар учун жуда қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжидни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган.  Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Бошланган ушбу савобли иш билан таниши учун бугун мазкур масжидга Андижон вилояти хокими Ш.Абдурахмонов, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Бўстон туман хокими С.Мамитовалар ташриф буюрдилар. Мартабали мехмонлар масжиднинг янги лойихаси билан танишдилар ва керакли кўрсатмаларини бериб ўтдилар. 

Шунингдек мехмонлар намозхонлар учун яқинда қуриб битказилган тахоратхона биноси билан танишдилар. 

Шундан сўнг Оллохнинг каломидан ўқилиб, дуо қилинди.

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Бўстон туман бош имом-хатиби Бахтиёржон домла Қодиров