Мусулмон киши нима учун яратилдию, нима қилиши лозимлигини яхши билади. Бу борада у кўнглига келганини эмас, балки  Роббисининг  каломи билан яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади: “Мeн жин вa инсни фaқaт ўзимгa ибoдaт қилишлaри учунгинa ярaтдим.” (Зориёт-56) ва яна “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди” (Ҳуд-62)

Мусулмон киши Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилади. Қуйида Ҳаж сурасининг 77-ояти тафсири билан танишсак.

 “Эй, иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж-77)

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб намоз ўқиб, Роббисига ибодат қилиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Аллоҳ таоло Ўз каломида сизу биз, яъни бандаларига қарата хитоб қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг (“Моида” сураси, 2-оят).
Инсонларни доимо яхши ишга далолат қилмоқ катта-ю кичик, ёш ва кексаларнинг бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кишиларимиз ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинглаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, ҳаётимиз янада гўзал ҳамда фаровон бўлади.

Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Улуғ саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: “Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир” – деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик – эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қиладилар. Ул зоти шариф айтдилар: “Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир“.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар:
“Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, — деб марҳамат қиладилар (Имом Муслим ривояти).

 “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим”, – деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса – жаннатдир.

Аллоҳ тало бугунги синовли кунларда саховатли инсонларни қилаётган хайру-эхсонларини қабул айласин! Юртимизни тинч осмонимизни мусаффо айласин!

Манбалар асосида
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди
имом  ноиби Мухаммадкуддус домла Абдулманнон тайёрлади.