Рамазон саховат ва мурувват ойидир

432

Нафслар бу ойда Ҳожасига якинлашади, ўзини хасислик ва зиқналик иллатидан поклагувчи нарсалар сари талпинади. “Кимки ўз нафси бахиллигидан саклана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи кимсалардир!”.

Саҳиҳайнда Ибн Аббос (р а)дан куйидаги сўзлар ривоят қилинади: “Росулуллоҳ (с а в) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида  –  Ҳар кеча Жаброил алайхиссалом Ул зотга Куръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чикарди. Дархақиқат, Аллоҳнинг Росули соллАллоҳу алайхи ва саллам одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан да учқурроқ эдилар”.

Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраганки кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, ул Зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.

        “Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳнинг Росулида гўзал намуна бордир”. Азиз рўзадорлар жамоаси!.. Хайр – эҳсон ва саховатнинг фазилатлари санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада бехисобдир; Садақа Тангри ғазабини сўндиради. Ёмон ўлим топиш эҳтимолини даф килади. У Аллоҳга бўлган азбаройи иймондан, Унга бўлган ишонч ва У ҳақда килинган чиройли гумондан  дарак беради. Садақа киши қалбидаги меҳрдан, ўзгалар аҳволини ўз танасида хис килиш туйғусидан нишонадир. Хайр – эҳсон ва саховат мушкул ишлар енгиллашишига, мусибатлар кўтарилишига сабаб бўлади. Парвардигори оламнинг ёрдамини чақиради. Зероки, банда модом биродарининг ёрдамида елиб – югурар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Инфоқ – эҳсон мол – давлатнинг зиёдалашувига, яхшиликлар ва қут – баракалар нозил бўлишига сабабдир. У Аллоҳнинг соясидан ўзга биронта ҳам соя бўлмайдиган кунда Аллоҳнинг сояси остида сояланиш бахтига муяссар этади. Шунингдек, балонинг даф бўлишида ҳам хайр – эҳсоннинг аҳамияти каттадир. Хайр – саховат кишининг бахри дилини очади, нафсга ором ва қувонч бағишлайди.

Инфоқ – эҳсон зоҳирдан, моддапарастлик нуқтаи назаридан қаралганда эхтимол мол – давлатни камайтираётгандек бўлиб кўриниши ҳам мумкиндир. Лекин, аслида аҳвол бунинг том тескариси. У мол – давлатга барака киришига, сарфланган хайриянинг ўрни Аллоҳ таоло томонидан ортиғи билан тўлдирилишига сабаб бўлади. 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат килиб айтдилар: “Бандалар тонг оттирадиган бирон бир кун йўқки, магар икки фаришта осмондан ерга тушади. Улардан бириси: “Аллоҳим, инфоқгўй бандангнинг сарфлаган молига эваз бергин”, дейди. Иккинчиси эса: “Аллоҳим мумсик (бахил) бандангнинг молига офат юборгин, дейди”. 

Ундан ташқари, саховат киши обрў – эътиборининг покиза сақланишига, эл орасида яхши ном чиқаришига сабаб бўлади. Тарқоқ ва бир – бирига қарама – қарши бўлган дилларни бирлаштиради, биродарчилик ришталарини янада мустаҳкамлайди. Мурувватпешалик ночорларнинг бойларга ҳасад килиши, бойларнинг эса ўз навбатида камбағалларга такаббурона муомала килиши каби жамият биносини емирувчи кабих ва разил ахлокларга барҳам беради.Саховат айбу нуксонларнинг ёпилиб кетишида ҳам улкан аҳамият касб этади. 
    Имом Шофеий (рахимахуллох) айтадилар:

Халойик ичра гар кўпайса айбинг,
Мазаммат эшитсанг шоҳу гадодин, 
Аларни яширмок истаса Қалбинг,
Либос эт саховат отлиқ матодин.
Демишлар, хар неки айб бўлса ошкор,
Саховат ёпармиш хўп  мўъжизакор.

    Саховатлармизни хақиқий муҳтож, ночор, бева – бечора оилаларга, етимхоналарга ва қариялар уйига қиладиган бўлсак ҳақиқий савобларга эришамиз.

 Азизуллоҳ домла  Мамасидиқов
Жалақудуқ туман бош имом хатиби