Аллоҳ таоло қуръони каримда шундай мархамат қилган:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг («Моида» сураси, 2-оят).
Қуръон яхшилик ва тақводорлик йўлида ҳамкорлик қилишга буюрмоқда. «Яхшилик» деганда бу дунёдаги барча яхшиликларни: ростгўйлик, омонат, тоат-ибодат, сахийлик, шижоат ва ҳоказоларни тушунамиз. «Яхшилик» сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни ўз ичига олади. Тақво эса Аллоҳдан қўрқиш ва Унга итоат қилиб иш олиб боришни англатади.

Яхшилик ва тақводорлик йўлидаги ҳамкорлик эса бу дунёдами ёки охиратдами, саодатга эриштирувчи яхши нарсалар йўлидаги ҳамкорликдир. Аллоҳ таоло мазкур оятда ёмонлик ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилишдан қайтармоқда. «Ёмонлик» деганда қилиниши ҳалол бўлмаган нарсаларни тушунамиз. Бу барча разолатларни ўз ичига олади. Душманчилик эса ошкора золимликдир. Ҳар бир шахсга ёки жамиятга зарар етказувчи нарса ёмонлик ва душманчиликдир. Аллоҳ таоло фақат яхшилик ва тақводорлик йўлида ҳамкорлик қилишга чақириб қолмай, балки ёмонлик ва душманчилик йўлида ҳамкорлик қилишни бекор ҳам қилади. Ислом назариясидаги ҳамкорлик кишиларга фақат саодат келтириш йўлидаги ҳамкорликдир. Агар инсонлар шу ҳамкорликни амалга оширсалар, ўзлари орзу қилаётган тараққиёт ва бахт-саодатга албатта эришадилар.①

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф
қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.

Хар бир кунини, ёки хар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш — улкан саодат.
Улуғ саҳоба Жобир (р.а.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир, Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади«, деганлар.

Мусулмон киши садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишисининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур.

Пайғамбаримиз с.а.в.ни таълимларини саҳобаи-киромлар тану жонлари билан қабул қилишиб, унга чиройли амал қилишган. Пайғамбармиз с.а.в замонларида бўлган бир воқеа бунга мисол бўлаолади.

Бир куни саҳобалар ўртасида бир қўй сўйилди. Шу қўйни калла пайчағини бир мухтож саҳобий хонадонига ҳадя қилиш ниятида сахобий хонадони чақирилиб, ушбу ҳадяни берилди, лекин саҳобий биздан кейинги қўшнимиз биздан кўра бунга мухтожроқ ҳадяни ўша оилага беринглар деб ҳадяни қайтардилар. Саҳобалар кейинги хонадонни чақиришиб ҳадяни беришса, хонадон эгаси кейинги қўшнимиз биздан кўра мухтожроқ илтимос ҳадяни ўша оилага беринглар деган жавобни берди. Шу тариқа ўша ҳадя еттита хонадонни айланиб ўша биринчи хонадонга келиб тўхтади. Хонадон соҳиби ноиложлик билан кўзида ёш билан ҳадяни қабул қилдилар. Чунки, ҳақиқатда ўша хонадон соҳиблари бир неча кундан бери туз тотишмаган эди. Лекин ўзлари мухтож бўлса ҳам ўзгаларни ўйлади, бу эса Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Кимки жон берар чоғида шаҳодат калимасини тилига жорий бўлиб, мўмин ҳолатда жон таслим қилишликни хоҳласа, ўзига раво кўрган нарсани мўмин биродарига ҳам раво қўрсин, ўзига раво қўрмаган нарсани бошқага ҳам раво кўрмасин!” деган таълимотларини меваси эди.

Дарҳақиқат, мусулмон кишиси жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Айниқса, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.
Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликда бирлашишни насиб этсин!

Шоҳимардон домла Орипов,

Улуғнор тумани «Овулмат»

масжиди имом-хатиби

Фойдаланилган адабиёт:
①.»Иймон» китоби.
(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (р.а) ).