ВАТАН ҲИМОЯСИ

879

Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 52-модда)

Тинчлик ва осойишталик бор жойда орзу-умидлар гуллайди, мақсадлар улуғвор, эртанги кунга ишонч собит бўлади. Халқимизнинг “Юртинг тинч-сен тинч” деган содда, лекин пурмаъно мақолида ҳам тинчликнинг нечоғлик бебаҳо эканлиги акс этган.

Албатта, ҳар бир мамлакатнинг тинчлигини, осудалигини асраш ва уни ҳимоя қилиш энг масъулиятли вазифа бўлиб келган.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличдан-да ўткир ва кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади.

Албатта, ҳар бир давлатнинг мудофааси мустаҳкам бўлсагина, юртда тинчлик ва осойишталик ҳамда фаровонлик ҳукм суради. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Амир Темур даврида давлатни давлат даражасига кўтариш учун аввало аскарларга ва ҳарбий соҳага катта эътибор қаратилган ҳамда бу соҳа мунтазам такомиллаштирилиб борилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳам мустақилликнинг илк даврлариданоқ Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида ҳарбий соҳадаги ислоҳотларни тубдан янгилашга қаратилган қатор Фармон ва Қарорлар қабул қилиндики, бу ислоҳотлар бугун ўзининг юксак натижалари бермоқда. Бош қомусимиз-Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 125-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади” деб белгиланиши давлат Қуролли Кучларининг асл мақсад ва вазифаларини дунё ҳамжамияти олдида яна бир бор намоён этди.

14 январ мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил топган куни ҳамда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланади ва соҳада ислоҳотлар юксак эътироф этилади.

Мамлакатимизда бу кунни миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланиб бораётганлиги бежиз эмас албатта. Сизу бизнинг бугунгидек тинч, хотиржам ҳаётимиз Қуролли кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак, арзийди.

Соҳибқирон Амир Темур “Аскари қувватли юрт қудратлидир…” деб бежиз айтмаган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида шундай марҳамат қилади:

«Эй Аллоҳга имон келтирган зотлар ёппасига тинчлик йўлига кириб

ҳамкорлик қилинглар» деган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида мусулмон киши ўз жони, шаъни, ота-онаси, опа сингилларини ташқи ёвлардан ҳимоя қилиб, дунёдан ўтса, унга Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганнинг мақомини берилишини башорат қилганлар.

  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилганларидек, ўғил болаларга сувда сузиш ва отда чопиш каби машқларни пухта ўргатиб, уларни Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида тарбиялашимиз зарур.

 

Асака туман

бош имом-хатиби

Шахобиддин ҳожи Парпиев