КИМ МЕХРИБОНЛИК ҚИЛМАС ЭКАН…

1026

…Куни кеча бир отахон билан сухбатлашиб қолдик. Унинг кўзлари нам эди, кафтларини бирлаштирган ҳолда тинмай бир инсоннинг ҳаққига дуо қилар эди.

– Эркинжони яхши танийсиз, – деб сўз бошлади, отахон, – маҳалламиздаги раҳматли Йўлдошвойнинг кенжа ўғли бўлади. Бир куни кампирим билан нонушта қилиб ўтирар эканмиз, ҳаётдан эрта ўтиб кетган маҳалладошларимизни хотирлаб, яхшиликларини эсладик.

Шу пайт ҳовлимизга Эркинжон кириб келди: биз – кексаларни йўқлаб келибди. Жуда хурсанд бўлдик. Чунки инсон тафтини инсон олади, қолаверса, инсон ортидан мана шундай, яхши фарзанд қолиши ҳар қандай ота-она учун икки дунё саодатига етишиш деган гап эмасми?.. Сухбатимиз давомида Эркинжон: «Ота-онамни кўрган инсонсизлар, – деди.  Демак вақти-вақти билан сизлардан хабар олиб турсам, марҳум ота-онамни кўргандай бўламан ва уларнинг рухлари шод бўлса ажаб эмас. Агар изн берсангиз, шу ўтирган уйингизни баҳоли қудрат таъмирлатиб бермокчи эдим. Уста йигитларга ўзим бош қош бўлиб, тушлик ва кечки озиқ-овкатларидан ҳам ўзим хабардор бўлиб тураман. Ҳайит байрамига сизларга кичкинагина тухфам бўларди…». Шундай қилиб, Эркинжон бироз нураб қолган уйимизни қиска фурсат ичида чиройли ҳолатга келтириб, таъмирдан чиқариб берди. Унинг саҳоватидан уйимиз нурга, қалбимиз қувончга тўлди. Байрам арафасида бизларга ҳадялар қилган Эркинжон ва у каби саҳоватли инсонларнинг ҳаққига дуодамиз: солиҳ фарзандларимизнинг имони янада қувватли бўлсин, марҳум ота-оналарининг қабрлари Қурьон зиёсига тўлсин, Илоҳим…

Албатта, кексалик ёшига етиб бориш ҳам неъматлардан бири ҳисобланади. Юртимизнинг табарррук ёшдаги отахону оналаримизнинг ҳолидан хабар олиб турсак, уларга имконимиз даражасида оқибат, меҳр-мурувват кўрсатсак улкан савобларга эга бўлиш билан бирга уларнинг ҳаётий тажрибалари ҳамда турмуш сабоқларидан фойдалар олишимиз мумкин.

Дарвоқе, дунёда инсоннинг узоқ умр кўрганлиги эмас, балки элга қилган ҳалол меҳнатининг маҳсуллари қадрланади. Бу маҳсул ҳар кимнинг ихтисоси ва меҳнат турига боғликдир. Шу ўринда Ҳазрати Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг Ҳадиси шарифига эътибор қаратайлик: «Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди», дейилган (Имом Байхақий ривояти).

Демак, ёнимиздаги қарияларни хурмат қилишимиз, жониворларга шафқатли бўлишимиз, норасида гўдакларга эса меҳр кўрсатишимиз жоиз бўлади. Зеро, бир муборак Ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васаллам шундай марҳамат этади: «Ким меҳрибонлик қилмас экан, меҳрибонлик кўрмагай» (Бухорий ривояти).

Андижон шаҳар «Пистамозор»

жомеъ масжиди имом хатиби

Хайруллоҳ Сулаймонов