14 январь юртимизда ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланади. Ватанни ҳимоя қилиш, уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш юртнинг ҳар бир фарзанди вазифасидир.

Инсон қаерда туғилиб парвариш топса, ўша жойга меҳр қўяди. Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсани ардоқлаб, соғиниб яшаш инсон табиъатида табиий, туғма ҳиссиётдир. Бу ҳиссиёт инсонни ўзининг моли, вақти, кучи, ҳатто жонини ҳам ватан учун мардларча фидо қилишга ундайди. Унинг тинчлиги учун барча нарсаларни тақдим қилишга тайёр бўлади.

Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш, сергаклик билан туни-кун ҳушёр туриш улуғ фазилат, айни вақтда ибодат бўлади. Бунга қуйидаги ҳадиси шарифлар далил бўлади:

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيه وسَلَّم: «عَيْنَانِ لاَ تَمَسُّهُمَا النَّارُ أَبَدًا: عَيْنٌ بَاتَتْ تَكْلأُ الْمُسْلِمِينَ فِي سَبِيلِ الله، وَعَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله». رَوَاهُ أَبُو يَعْلَىهَذَا إِسْنَادٌ رِجَالُهُ ثِقَاتٌ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кўзни ҳаргиз (дўзах) ўт тутмайди: Аллоҳнинг йўлида мусулмонларни қўриқлаб тонг оттирган кўз ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз”, дедилар”.

Имом Абу Яъло ривоят қилган, ҳадис санадидаги кишилар ишончлидир.

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيه وسَلَّم يَقُولُ: «عَيْنَانِ لاَ تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ في سَبيلِ اللهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Икки кўзни дўзах ўти тутмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳнинг йўлида қўриқлаб тонг оттирган кўз”, дедилар”.

Имом Термизий ривоят қилган.

 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:«أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِلَيْلَةٍ أَفْضَلَ مِنْ لَيْلَةِ الْقَدْرِ حَارِسٌ حَرَسَ فِى أَرْضِ خَوْفٍ لَعَلَّهُ أَنْ لاَ يَرْجِعَ إِلَى أَهْلِهِ». رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَ الْبَيْهَقِيُّ وَهُوَ صَحِيحٌ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Лайлатул Қадрдан афзал кеча ҳақида хабар берайми?! У аҳлига қайтмаслик эҳтимоли бор, хавфли ерда посбонлик қилган қўриқчи(нинг кечаси)дир”, дедилар”.

Имом Ҳоким ва имом Байҳақийлар ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُأَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:«مَوْقِفُ سَاعَةٍ فِي سَبِيلِ اللهِ، خَيْرٌ مِنْ قِيَامِ لَيْلَةِ الْقَدْرِ عِنْدَ الْحَجَرِ الأَسْوَدِ» رَوَاهُ ابْنُ حِبَّان وَالْبَيْهَقِيُّ وَهُوَ صَحِيحٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг йўлида бироз туриш Ҳажарул асваднинг ёнида Лайлатул Қадрни қоим қилишдан афзалдир”, дедилар”.

Имом Ибн Ҳиббон ва имом Байҳақийлар ривоят қилган, саҳиҳ.

Мусулмонларнинг қонлари, обрўлари, юртлари, молларию жонларини сақлаш учун ухламай тонг оттирган кишига шундай улкан даража берилар экан.

Лайлатул Қадр кечасини қоим қилиб, ухламай, гарчи бу бедорлик Ҳажарул асваднинг олдида бўлса ҳам, унинг фойда-савоби ўша одамнинг ўзига бўлади. Ватан сарҳадларини қўриқлашнинг фойдаси эса, кишининг ўзидан ошиб, кўпчиликка, жамиятга ҳам етади.

 Ҳикматлар

Ватан муҳаббати дабдаба ва ҳашам эмасдир. Балки, у душманларга қарши Юрт ҳимоясида туриш вожиб саналган, ундан узрсиз қолиб бўлмайдиган шаръий вожиб амалдир.

  • Икки кишини тарих эсдан чиқармайди: Ватан ҳимоячиси ва ватан хоини.
  • Уламолар ватанни севиш ва уни ҳимоя қилишни шаръий вожиб дейдилар.
  • Ҳимоя қила олмайдиган Ватанда яшашга ҳаққимиз йўқ.
  • Ислом ватанга муҳаббат қўйиш ва мансубликни ақиданинг бир бўлаги этиб, ватан тупроғини ҳимоя қилишни муқаддас бурч қилиб қўйди.

عَنْ عَمْروٍ بْنِ دِينَارٍ أَنَّهُ سَمِعَ جَابِرَ بْنَ عَبْدِ اللَّهِ يَقُولُ دَخَلَ النَّبِىُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى أُمِّ مَعْبَدٍ حَائِطًا فَقَالَ: «يَا أُمَّ مَعْبَدٍ مَنْ غَرَسَ هَذَا النَّخْلَ أَمُسْلِمٌ أَمْ كَافِرٌ». فَقَالَتْ بَلْ مُسْلِمٌ. قَالَ: «فَلاَ يَغْرِسُ الْمُسْلِمُ غَرْسًا فَيَأْكُلَ مِنْهُ إِنْسَانٌ وَلاَ دَابَّةٌ وَلاَ طَيْرٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ صَدَقَةً إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ»رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Амр ибн Динор  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У Жобир ибн Абдуллоҳдан ушбу ҳадисни эшитганини ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Маъбаднинг боғига кирдилар.

  • Эй Умму Маъбад! Бу хурмони ким эккан? Мусулмонми ёки кофир?
  • Мусулмон эккан, – деди Умму Маъбад.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

  • Қайси бир мусулмон дарахт экса, ундан инсонми, ҳайвонми, қушми еса, у учун қиёматга қадар садақа бўлади, – дедилар”.

 

عَنْ عُبَيْدِ الله بنِ مِحْصَنٍ الأَنصَارِيِّ الْخَطْمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُقَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «مَنْ أصْبَحَ مِنْكُمْ آمِناً في سِرْبِهِ، مُعَافَىً في جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий Хотмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча-кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса, гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, дедилар”.

Имом Термизий ривоят қилган.

Ҳадиси шарифнинг ҳаётимиздаги ўрнига бир эътибор қаратайлик.

Эрталаб уйқудан туриб, кўзимизни очдик, демак, ҳаёт эканмиз. Аллоҳ яна яшаш имконини  берибди. Сўнг атрофга қараймиз: ҳамма жой тинч, осуда. Уй ҳам тинч. Ўғри тушмаган, душманнинг хавфи йўқ. Биров эшигимизни тақиллатиб безовта қилмаган. Ўзимизга қараймиз: танимиз саломат, аъзолардан шикоят йўқ. Уйимизда эса, қорнимиз тўядиган озиқ-овқатимиз етарли даражада бор. Дам оладиган уйимизга эгамиз. Бировга ялинмаймиз. Дунёда инсон учун ҳақиқатда бундан ортиқ неъмат бўладими?!

Шукр келтириш ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай дейди: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”[1].

Улуғлар ҳаётидан мисол келтирсак. Ибн Абулҳаварий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Кўпинча, Фузайл ибн Иёз билан Суфён ибн Уяйна Аллоҳ таолонинг берган неъматларини санаб тонг оттирар эдилар”.

Яратганнинг берган неъматларини санаб, эътироф қилишиб ва мана шу неъматлар қадрини, самарасини амалий ҳаётда кўрсатиб яшашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Жаннатмакон ватанда мусаффо осмон остида яшаш бахтини берган Аллоҳ таолога канча шукрона келтирсак ҳам оз.

Равшанбек Уринбаев,

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

[1] “Иброҳим” сураси, 7-оят.