Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
    Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади.
Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан посбонлик қилган кишининг кўзи қиёматда ўз соҳибини дўзахда куйдирмас экан. Бу ҳақида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расуллуллоҳ (с.а.в); “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”. (Термизий ривояти).
    Ватанни ҳимоя қилиш, бу йўлда хизмат қилиш, нафақат ор-номус, йигитлик бурч, балки шараф ва масъулиятдир
   Ҳозирги кунда Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қиладиган мард ва забардаст ўзбек ўғлонларини, уларнинг ҳарбий салоҳияти ва қобилиятларини кўриб, қалбимиз ўзгача бир хурсандчилик ва хотиржамликни ҳис қилади. Зеро, фарзандларимиз ёшлигидан ватанга хизмат қилишдек олий шарафли вазифаларни бажариб, жонажон Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва асойишталиги абадий бўлишлигига замин яратади.
    Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар” (Байҳақий ривояти) деб таълим берганларидек, жажжи фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, Ватан ҳимояси олий саодат эканлигини, Ватанни ҳимоя қилиш бизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини ўргатиш, барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.
Ватанни ҳимоя қилиш – бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш эмас, балки, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган анъаналарни, бағрикенг, саҳоватли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни, оналарни, оталарни, қоракўз ўғил-қизларимизни, ёшларнинг дунёқарашини, тоғу тошларни, сой-сўқмоқларни, қўйингки, Ватаннинг гул-райҳонидан новда-ниҳолигача, она-ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун, жозиба ва таровати билан етказишимиз лозим.

Отабек домла Ёрқулов
Бўстон туман “Акбарали қори ота” масжиди имом-хатиби