Ота-онани севгани каби Ватанни ҳам чин юракдан севиш, ардоқлаш керак. Ватаннинг зарра тупроғини  олтин тоғларига алмаштириб бўлмайди. Ватан муҳаббати буюк туйғу. Шу боис эл оғзида “Ватанни севиш имондандир”, деган ҳикмат юради.

Ватанни севган халқини севади, халқини севган инсон ўз халқини урф-одатлари, миллий қадриятларини ардоқлайди.

Тарихдан маълумки, бирор бир миллат бошқа миллатни тахқирламоқчи ёки оёқ ости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ ҳўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган Пайғамбаримиз с.а.в. “ Молини жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”-деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).  Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежис эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди. Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алиштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Хакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.  Инсоннинг ўз халқига  бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. 

Пайғамбаримиз с.а.в. : “Икки кўз борки улар дўзахда куймайди. Бири Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган бўлса, иккинчиси Аллоҳни йўлида ватанини пойлаб  мижжа қоқмай чиққан бўлса”.

Ҳалқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлганидан ўз юртингда гадо бўл”, деган хикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унитган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. Ватанга муҳаббат, бу – баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат – бахт топган остонангиз – оилангизга, сизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, сиз югуриб ўсган тупроқ, отангиз эккан ва сиз билан бирга улғайган дарахт, онангиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Фақат буни ҳис қила билиш керак, халос. Буни қалбдан сезмаган, элдан чиқиш дегани. Элдан чиқиш эса, имондан қайтиш демакдир. Имонни бут сақланг, азизлар!

Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов,

Олтинкўл туман бош имом-хатиби