Соҳта салафийлар динимизни нотўғри талқин қилаётган фирқалардан бўлиб, Аҳли сунна вал жамоа ақидасига хилоф ўлароқ бир қатор ўзларининг қарашларини илгари сурадилар. Қуйида уларнинг мазҳабга мос бўлмаган асосий белги ва аломатларини санаб ўтишни лозим деб топдик.

     1) Аллоҳнинг зоти ва сифатлари масаласида бўлиб, Аҳли суннадан уларни ажратиб турувчи энг асосий фарқи ҳисобланади. Уларнинг тажсим (Аллоҳга жисм сифатини бериш) ва ташбиҳ(Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларни сифатига ўхшатиш) ботил ақийдаларидир. Кўпчилик ваҳҳобийлар (“салафий”лар) ўзларининг биродарларини билиб олиш учун берадиган биринчи саволлари: «Аллоҳ қаерда?» деган саволдир (яъни Суннатга мувофиқ инсоннинг исломи учун “калимаи шаҳодат” талаб қилиниши тўғрисида ижмо қилинган масалада, унга қўшимча қилиб, бошқаларни мусулмон деб ҳисоблаш учун ёмон бидъат талаб ўйлаб чиқарганлар). Улардан бўлган жоҳиллар, Қуръон оятлари ва ҳадисларда келган муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъносига асосланган ҳолда, Аллоҳнинг сурати, жисмоний тана аъзолари, чегараси бор, У Аршда жой олиб ўтиради, У дунёнинг тарафларининг бирида жойлашган ва ҳар тунда пастки осмонга айнан Ўз зоти билан тушиб келади деб эътиқод қиладилар ҳамда улар билан бунда ҳамфикр бўлмаган барча Аҳли сунна мусулмонларини куфр ва адашувда айблайдилар Ваҳоланки, Аҳли сунна вал жамоаси ақийдасига мувофиқ ижмо қилинганки, Аллоҳ таолога макон, тараф, ҳаракат, жисм сифатини бериш мумкин эмас (чунки, айнан шу нарсалар сабабли яҳудий, насроний ва бошқа динлар Аллоҳни махлуқотларга ўхшатиб, бузуқ эътиқод қилиб, куфрга кетганлар). Яъни, биз суннийлар Аллоҳ таоло макон ва замонни яратишдан аввал қандай бўлса, уларни яратгандан кейин ҳам ўзгаришсиз ўшандайдир деймиз ҳамда Аллоҳ таолони бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, дунёнинг олти тарафи (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмаслиги, У Зотни Аршга ва бошқа ҳар қандай Ўзининг махлуқотига эҳтиёжи йўқ эканлигига эътиқод қиламиз (“Фиқҳул акбар”, “Ал-васия”, “Ақидатут-Таҳовия”, “Ақидатун-Насафия”).

     2) Аҳли суннанинг икки ақийдавий мазҳаби бўлмиш мотурудийлар ва ашъарийларга ҳужум қилиб, уларни адашганликда айблашлиги уларнинг кейинги ақийдада адашувларига ёрқин мисол бўлиб -, баъзилари ҳатто уларга такфир айтиш (кофир деб эълон қилиш)гача борадилар. Аҳли суннанинг буюк имомлари – Имом Ашъарий, Ғаззолий, Боқилоний, Нававий, Қуртубий, Розий, Суютий, Асқалоний, Субкий раҳимаҳумуллоҳлар ва бошқа минглаб уламолар ақидада ашъарий мазҳабида бўлишганини ҳамда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг издошлари бўлган ҳанафийлар (Имом Мотурудий, Насафий, Тафтазоний, Сараҳсий, Марғилоний, Мулла Алий Қори, Ибн Ҳуммом, ибн Обидийн раҳимаҳумуллоҳ сингари минглаб буюк имомлар) мана минг йилдан кўп вақт ичида, ҳамма даврларда мотурудия мазҳабида бўлишганини ҳисобга олсак, бор-йўғи 250-300 йил олдин пайдо бўлган ваҳҳобийлар томонидан мазкур ақийда мазҳабларини Аҳли сунна эмас ва ҳатто куфрона ақийдалари бор деган таъкидлари, Ислом шариатига нисбатан қанчалик қабиҳ жиноят эканлигини кўрсатиб турибди.

     3) Тасаввуф ва сўфийларга ҳужум қиладилар, тариқатларни, тасаввуф шайхларини буткул рад қиладилар. Ваҳоланки, Аҳли сунна вал жамоанинг барча 4 мазҳабининг уламолари, тасаввуфни шариат фанларидан бири бўлган – руҳий тарбия, зуҳд ва тақво фани эканлигини ҳамма даврларда таъкидлаб келганлар. Юқорида санаб ўтилган Аҳли сунна имомларнинг аксари сўфий бўлганларини инобатга олсак, ваҳҳобийларни бу даъвоси ҳам асоссиз эканлиги аён бўлади.

     4) Мазҳабсизлик, яъни Аҳли суннанинг 4 фиқҳий мазҳабга эргашмайдилар. Улар 4 мўътабар мазҳабни рад қилиб, ўзларининг мазҳабларига эргашадилар. Уларнинг ичидаги энг ҳийлакорлари эса, ўзлари қайси юртда эканликларига қараб, шу юртда энг кўп тарқалган мазҳабда эканлигини таъкидлаган ҳолда, ўз бидъат ақийдалари ва манҳажларини тарқатмоқчи бўладилар. Бизни юртдан чиққанлари ўзларини ҳанафийман деса, шофеъийлар ичида яшайдиганлари шофеъийликни, моликийлар яшайдиган юртлардагилари моликийликни даъво қиладилар. Уларнинг кўпи ҳанбалий мазҳабига эргашганини таъкидласа ҳам, аслида ҳанбалий мазҳабининг аввалги барча имомларига кўп масалаларда (шу жумладан ақийда борасида ҳам).хилоф қиладилар.

     5) Еттинчи ҳижрий асрда яшаган Ибн Таймияга кўр кўрона тақлид қиладилар (ўзларига манфаатли бўлган фатволарини танлаб олган ҳолда). Шунингдек унинг шогирди Ибн Қаййимга ва ҳижрий 12 асрда яшаган Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳобга (уни замонасининг қутби, аср мужаддиди, шайхул-ислом, мужтаҳид-мутлақ деб улуғлайдилар) ҳамда уларнинг бидъат мазҳабларини кўтар-кўтар қилган замонавий шайхлари – Ибн Боз, Албоний, Усаймин, Фавзон ва бошқаларига ҳам кўр-кўрона тақлид қиладилар.

     6) Ваҳҳобийлар (соҳта салафийлар) учун барча даврларда энг долзарб бўлган масала – қабрларни зиёрат қилиш масаласидир. Суннатнинг ушбу муҳим қисмини (яъни, ўлимни эслаб туриш ва ўлганларни ҳаққига дуо қилиш учун зиёрат қилиш) улар тўлиқ рад қиладилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам қораланади, авлиёлар, уламолар ва бошқа қабрларни айтмаса ҳам бўлади. Сиз, хеч қачон, бирор бир ваҳҳобийни авлиёларнинг қабрини ва ҳатто ўз қариндошларининг қабрини зиёрат қилганини қўрмайсиз. Қабристонлар улар учун қатъий таъқиқланган жой ҳисобланади. Ушбу масалани, ўзларидан бошқа мусулмонларни мушрик ва адашганга чиқариш учун асосий қурол қилиб олганлар. Шу сабабли ҳам, бугунги кунда Шом ва Ироқ ҳудудларида уруш олиб бораётган ваҳҳобий ақидасида бўлган гуруҳлар томонидан (“Ал-қоида”дан чиққан ИШИД, “Жабхатун нусра” ва бошқалар) ўзлари эгаллаган ҳудудларда мавжуд бўлган саҳобаларни, ислом олимларини, ҳатто Пайғамбарлар дафн қилинган дейилган қабрларини портлатиб юборилмоқда, саҳобалар ва Аҳли сунна уламоларининг қабрларини очиб, таналарни номаълум ерларга йўқ қилинмоқда. Булар ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни муборак қабрларини ҳам бузиб, у зотни муборак таналарини Масжидларидан олиб чиқиб кетишга тайёр, бунга тегишли фатво ҳам олиб бўлинган. Уларнинг Носир Албоний деган олими (ваҳҳобийлар уни Ислом тарихидаги энг буюк муҳаддис деб тақдим қиладилар) ўзининг камида 5 та китобида Мадинадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларининг яшил қуббасини бузиб ташлаш ҳамда у зотни қабрларини масжиддан олиб чиқиб кетишга даъват қилганлиги ҳозир хеч кимга сир эмас (1. Аҳкам ал-жанаиз ва бидауха; 2.Талхис ахкам ал-жанаиз; 3. Тахзир ал-сажид мин иттихаз ал-қубур масажид; 4. Ҳужжат ал-Набий; 5. Манасик ал-Ҳаж вал Умра).

     7) Мусулмонларни ширкда айблаш учун топган яна бир масалалари – бу шариат чегарасида рухсат берилган тавассул ва истиғоса масаласидир, яъни Суннатга мувофиқ 4 мазҳабда ижмо қилинган ушбу масалаларни нафақат рад қиладилар, балки уни ҳам мусулмонларни мушрикка чиқариб, уларни қони ва молини ҳалол деб эълон қилиш учун яна бир қурол сифатида ишлатадилар (тавассул ва истиғоса юзасидан Аҳли суннанинг мутақаддим ва мутааххир уламоларининг тушунтиришлари ҳақида алоҳида мақолалар берамиз, иншаАллоҳ).

     8) Авлиёларнинг кароматларини, табаррук олишни рад қиладилар. 7 ва 8 бандда кўрсатилган масалалар бўйича, қадимда бўлган, кейин йўқ бўлиб кетган мўътазилийлар фирқаси билан тўлиқ мос фикр билдириб, ҳудди улар сингари Аҳли сунна вал жамоага хилоф қиладилар.

     9) Аҳли сунна мусулмонларининг асосий қисми улар учун бидъатчи ёки мушрик ёки нотўғри манҳажда (услубда) ёҳуд ақийдада адашган ҳисобланади. Агар кимдир уларга бир донагина масалада хилоф қилса, шу заҳоти уни бидъатчи ёки мушрикка чиқарадилар. Бунда, сени тафтиш қилиб ковлаштиришни ушбу хилофни топмагунча давом эттирадилар.

     10) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда[5] ҳаворижлар тўғрисидаги башоратларда кўрсатилгандек, ваҳҳобийлар пайдо бўлганидан бери фақат мусулмонларга қарши «жиҳод» қиладилар. Улар фақатгина мусулмонлар яшайдиган юртлардагина уруш олиб борадилар ва қаерга бормасинлар, натижада, уларнинг адашувлари ва бидъатларига қарши чиққан мусулмонларнигина ўлдирадилар. Ислом тарихида уларни кофирлар юртида, кофирларга қарши жиҳод қилганининг бирон бир ҳолати кузатилмаган, бироқ, улар «мушрик» деб эълон қиладиган ашъарий-мотурудий бўлган сўфийлар томонидан кофирларга қарши ҳақиқий жиҳод олиб борганларининг исботи тарихда жуда ҳам кўпдир.

      Мисол тариқасида, сўфий бўлган Салоҳуддин Аюбий (салбчиларга қарши урушиб, Қуддуси шарифни озод қилган), Султон Муҳаммад Фотиҳ (Рум империясига қарши урушган ва Қустантинияни фатҳ этиб, саҳиҳ ҳадисда башорат қилинган шарафга эришган) Нуруддин Занкий (салбчиларни Шом диёридан қувиб чиқарган), Жалолуддин Мангуберди, Абдул-Қодир Жазоирий, Имом Шомил, Умар Мухтор ва бошқа ватанпарвар саркардаларнинг номларини санаб ўтишнинг ўзи кифоя қилади.

Хайруллоҳ домла Сулаймонов

Андижон вилояти бош имом-хатиби ўринбосари