ТАСАВВУФ НИМА ?

1416

ТАСАВВУФ НИМА ?

1-Қисм. (Муқаддима)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

“Ва сизга Исломни дин деб рози ўлдим”

“Моида”  сураси  3-оят

“Дин бизнинг қон – қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди.           И.Каримов.

 

Бизларга динимизни мукаммал қилиб берган, неъматларини батамом этган, Исломни дин этишимизга ўз розилигини каломи орқали эълон қилган Аллох таолога беҳисоб ҳамду-санолар бўлсин! Гўзал ҳулқларни камолига етказишлик учун юборилган, шариъати Исломия арконларини равшан баён этган, икки олам сарвари, фаҳри коинот, қалбларимиз табиби, Аллохни ҳабиби ҳазрати Расулимиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беадад ва бениҳоя салоту-саломлар бўлсин!

 Аммо баъд:

Ҳамду санодан сўнг тасаввуф ва унинг таълимотларини ўрганишга киришишликдан олдин аввало “Дин” ва “Ислом” атамаларининг луғавий ва истилохий тушунча, мазмун ва моҳиятлари ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Араб тили изоҳли луғати ҳақида ёзилган китоблар ичида энг машҳурларидан бири бўлган “Мунжид” китобида “Дин” сўзига: “Аллоҳга ибодат қилинадиган ҳукм ва йўлни номи диндур” деб таъриф берилган. “Тафсири Ҳилол” китобида эса “Дин” сўзи араб тилида ҳисоб, жазо, мукофот маъноларини беришлиги” айтилади. “Ислом энциклопедияси” китоби (70-бет) да  “Дин” – араб тилида – мулк, ҳукм, ҳисоб, жазо, тадбир, бўйсиниш, итоат қилиш, ибодат, парҳез, йўл тутиш, одат қилиш, эътиқод қилиш ва бундан бошқа бир неча маъноларда келиши айтилади. Тадқиқотларга кўра “Дин” сўзи Қуръони каримда юздан ортиқ ўринларда турли хил маъноларда келган экан. Шунингдек, “Дин” атамаси қўлланилганда Аллоҳ таъоло билан бандалар орасида бўлиши керак алоқаларнинг тўплами ҳам тушунилади. Баъзи манбаларда: “Дин” бу – “Соғлом ақл эгаларини уларнинг ўз ихтиёрларига биноан, бу дунёда салоҳиятга, у дунёда эса нажотга элтувчи илоҳий кўрсатмалардир” деб таърифлаганлар. Жумладан, бизнинг диёрларда аввалдан дастлабки дарслик сифатида рисола ва қўлланма китоблари ҳам кўп ўқилган Аҳмад Ҳодий Низомиддин ўғли Мақсудий (1868-1941й.й) раҳматуллоҳи алайҳининг “Ибодати Исломия” китобида: “Дин ва шариат нима?” деган саволга, “Аллоҳ таолонинг бандаларга юборган ҳукмлари тўплами” деб жавоб берилган, ҳамда бу шаръий ҳукмлар яъни, “Дин”ни инсониятга юборилишининг бош ва асосий мақсади ва ҳикмати “Бандаларнинг дунё ва охират роҳатларига, саодатига етишликлари” эканлиги айтилади. Имом Тафтазоний раҳматуллоҳ алайҳи: “Дин – бу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган махсус йўлдир. Динни, яъни шу махсус йўлни, турли эътиборлар билан дин, миллат, шаръ, шариъат деб номланади” деганлар. Инсониятга юборилган илоҳий динларнинг энг аввалгиси ҳам энг сўнггиси ҳам шаксиз бу Ислом динидир. Аллоҳ таъоло башариятга барча даврларда фақатгина бир дин юборган. Бу хусусида Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси 19-оятида “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир” деб марҳамат этилган.

“Ислом” сўзи луғатда “бўйсиниш” маъносини ифодалайди. Шунингдек “Ислом” сўзини “Тоат”, “Ихлос”, “Тинчлик” каби маънолари ҳам мавжуд. Қуръони каримда баён этилганидек, Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга мақбул кўрган ҳақ дини “Ислом” номи билан аталади ва у сўзсиз келажак дини ҳамдир. Шунинг учун “Дин” деганда фақат ва фақат “Ислом” тушунилади. Муҳаққиқ уламолар айтганларидек, “Мўъмин” ва “Муслим” бири-бирига яқин бўлган ва бири иккинчисини ифода этгани каби, “Дин”, “Ислом”, “Шариат” атамалари ҳам бир-бирига жуда яқин ва бири иккинчисини тўлдиради. Ислом бу – ягона Аллоҳ таолога иймон келтиришлик, тавхид ақидасидир. Қуръони карим таълимотига, Аҳли сунна вал-жамоа ақидасига кўра тавҳид эътиқоди пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бошланган эмас, бошқача айтиладиган бўлса дастлабки ва охирги динларнинг барчасида эътиқод бир хил яъни тавхид ва барча пайғамбар алайҳиссаломлар шу тавҳид яъни якка худоликга даъват этишган. Фақат турлик сабабларга кўра амалиёт масалаларида яьни шариат арконларида баъзи бир фарқлар мавжуд ҳисобланади. Ислом дининиг тамал асоси 3та нарсага яъни эътиқод, амал, аҳлоққа таянади. Ҳозирда ер юзида 1,5 млрд дан ортиқ киши ислом динига эътиқод қилади. Дунёда 250 мамлакатдан ярмидан кўпроғида, аниқроқ қилиб айтилганда, баъзи манбаларда 150 га яқин мамлакатдаги мусулмонларни 35 тасида мусулмонлар ўз мамлакатлари аҳолисини кўпчилигини ташкил этади. Ҳозирда ер юзи мусулмонларининг аксари аҳли сунна вал жамоа ва шиъа эътиқодига бўлинади. Сўнгги маълумотларга кўра 90% суннийлар 10% шиъаларни ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди эса Мотурудия ва Ашъария таълимотларига бўлинади. Фиқҳий йўналишда ҳам суннийлар 4 мазҳабга, ўз ўрнида шиъалар ҳам бир неча мазҳабларга бўлиниб кетган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларни бирида “Даврларнинг энг яхшиси мени даврим, (кейин шу яхши даврга ёпишган, яъни ундан кейинги давр), ундан кейин эса шу мени давримга ёпишган давр (яъни ундан ҳам кейинги давр,) кейингиси кейинги ўриндаги яхши даврдир”, деб мархамат этган эдилар. Ушбу ҳадиси шарифда келган маъно тақозосига кўра пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврлари ислом оламида “асри саодат” номи билан аталган. Бу даврдан узоқлашган сари тушунмовчилик ва турлик номаъқулчиликлар, ички ихтилофлар бўлиб ўтди ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридан узоқлашиб борилаверди. Шунинг учун ҳам, минг афсуслар бўлсинки, кейинги даврлар кела бошлагач покиза Ислом таълимотларида ҳам турли қарашлар ва ҳатто Ислом номидан иш олиб борувчи турли ақидапараст оқимлар кўпайиб борди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Яхудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага, менинг умматим эса 73 фирқага бўлингай: Улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзах ахлидирлар.” деб ўз ҳадиси шарифларида бу хақда огохлантирган эдилар.(“Ислом ва ақийдапараст оқимлар” китоби.41-бет.)

 1991-йил 1-сентябрда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилгач собиқ шўролар мафкурасидан батамом воз кечилди. Ижтимоий соҳанинг барча жабҳаларида янгиланиш ва ислохотлар олиб борилди. Ҳусусан миллий ва диний қадриятлар тикланди. Динга бўлган давлат муносабати тубдан ўзгарди, ҳусусан Ислом дини ва унинг таълимоти эътироф этилди. Айтиш мумкинки, бу ҳалқимиз узоқ йиллардан буён кутиб келган орзу-тилакларидан бири эди. Мустақилликдан кейинги 20 йил ичида диннинг ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятида тутадиган ўрни аниқ белгилаб борилди. Эътиқод эркинлиги кафолатланди. Бу хақида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади” дейилган. Мустақиллик йилларида диний соҳага оид қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ишлаб чиқилди. Қатор буюк Ислом алломаларининг мақбаралари тикланди, муборак зиёратгоҳлар қурилди ва қайта тикланди. Диний таълим муассасалари тизими яъни мадраса, олий Маъҳад, Ислом Университетлари, қанчадан қанча масжидлар фаолият юрита бошлади. Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари байрам деб эълон қилинди. Ислом алломалари ва таълимотларига оид китоблар нашр этилди. Муборак Ҳаж ва Умра сафарлари давлат томонидан шакллантирилди. Ислом олами алломалариниг деярли барчалари албатта тасаввуфнинг йирик вакиллари ва ҳатто бир қатор тариқатлар асосчилари ҳисобланган. Шунингдек, юртимизда етишиб чиққан қанчадан-қанча уламою-фузалолар тасаввуфнинг буюк вакиллари ва тариқатнинг етук пири муршидлари бўлганлар. (давоми бор)

Андижон шаҳар

“Жиддаи Муборак” жоме масжиди

имом-хатиби Мўминов Мухаммадисоқ