Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи

707

Мустақиллик йилларида мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бугунги кунда юртимизда  Президентимиз Шавкат Мирзиёв бошчилигида барча соҳаларда туб амалий  ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2001 йилда бошланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўзининг янги босқичини бошдан кечирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони асосида ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг 2-устувор йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш деб номланади. Кейинги беш йил мобайнида қуйидаги ишлар жумладан, суд ҳокимиятини чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўла қонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш ишлари босқичма босқич амалга оширилиши режалаштирилган.

Мазкур Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган режалардан бири амалга оширилди яъни, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига Президентимиз томонидан 2017 йил 6 апрель куни  имзоланди. Ушбу қонун  2 моддадан иборат бўлиб, унда 7 та ўзгартиш ва 1 та қўшимча назарда тутилган.

Қонуннинг мақсади, Ўзбекистон Республикасида суд тизимини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳисобланади.

Қонуннинг 1-моддасида қуйидаги  ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилган, биринчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 4-банди  қуйидаги таҳрирда баён этилди:  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш”. Мазкур ўзгартишдан мақсад, судьялар томонидан қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш ва унинг раисини тайинлаш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга оширишдир.

Иккинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддаси еттинчи қисмидаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Судьялар олий кенгаши» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Учинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасидаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар чиқариб ташланди.

Тўртинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси биринчи қисмининг 13 ва 14-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилди: «13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади. 14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади; Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг аъзоларини қонунга мувофиқ тасдиқлайди».

Бешинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисми  қуйидаги таҳрирда баён этилди: «Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат».

Ушбу ўзгартиш орқали маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини тузиш, судья ёрдамчиси лавозимини жорий этиш орқали  судларни келгусида ихтисослаштириш ва уларнинг девонини мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Биринчи қўшимча, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-моддаси: биринчи қисми «жиноий» деган сўздан кейин «иқтисодий» деган сўз билан тўлдирилди.

Олтинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-моддаси: учинчи қисмидаги «Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар, шаҳарлар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг» деган сўзлар «қуйи судларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Охирги яъни, еттинчи ўзгартиш,  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 111-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
«111-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади».

Мазкур қонун жорий йилнинг 7 апрель санасидан қонуний кучга кирган бўлсада, лекин  унинг 2-моддасида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Олий судини ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини бирлаштириш, маъмурий ҳамда иқтисодий судларни ташкил этиш тўғрисидаги қоидалар 2017 йил 1 июндан эътиборан амалга киритилади.

Юқорида биз таъкидлаган Ҳаракатлар стратегиясининг 2-устувор йўналишини амалга ошириш мақсадида келгусида суд-ҳуқуқ соҳасида янада кўпроқ ислоҳотлар амалга оширилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси ҳуқуқшуноси

И.Мардонов

манба: muslim.uz