“Тарбия  бизлар учун ё ҳаёт мамот,

 ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат

ё фалокат масаласидир”.

Абдулла Авлоний

 

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши аввало ўзимизга боғлиқ. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” -дейдилар. Тарбия сўзини тор доирада тасаввур қилмаслик лозим.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор кўрсатилган. Салаф уламоларимиз фарзанд тарбиясини тўрт қисмдан иборат эканлигини баён қилишганлар:

1.Эътиқод тарбияси. Фарзанд туғилиб, унинг ақли шакллана бошлаган вақтдан бошлаб, то вояга етиб мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унга имон-эътиқод масалалари, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари ёшига мос равишда ўргатиб борилади.

Ҳар  бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келар экан. Фарзанд қалбидаги ана шу софликни сақлаб, уни шакллантириш  ва турли хил ғойри инсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт-бегона бўлган турли ғоялардан асраш ота-оналарнинг энг муҳим вазифасидир.

  1. Жисм тарбияси. Ота-она фарзандини жисмоний соғлом бўлиб вояга етишига ҳам масъул бўлиб, бунда болани етарли миқдорда тўғри овқатланиши, кийиниши, ётиб-туришига ва уни жисмонан бақувват ҳолда вояга етиши учун имконият яратиб беришга эътибор қаратиш лозим. Фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши нафақат унинг келажаги, балки бизнинг келажагимизни таъминлаш эканлигини асло ёддан чиқармаслик лозим. “Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”.

Фарзанларимизга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш ҳам ота-онанинг бурчларидандир.

  1. Фикр (ақл) тарбияси. Бу тарбия – тарбиянинг энг масъулиятли қисмларидан бири ҳисобланади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсонни ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта.Аллоҳ таоло илмли бандаларини даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “…Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”…”, – дейди. Илмнинг инсон ҳаётида нечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳаммаълум бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади, жумладан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир”, деб бизларни илм сари интилишимизга буюрадилар. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири бўлиб, унда ниятнинг холислиги энг муҳим нарса ҳисобланади. Чунки, ҳар томонлама етук билимли, холис ниятли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини самарасини тўғри, фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ва атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин таёрлайди.
  2. Ахлоқ тарбияси. Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб дунё ва охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Бу барча динларда тасдиғини топган. Қуръони каримда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам одоб ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқ (одоб)дан кўра афзалроқ нарсани мерос қилиб қолдира олмайди”, “Фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва одобларини чиройли қилинглар”, – деб марҳамат қилганлар.

Яхши тарбия – саодатли келажакдир, ёмон тарбия эса истиқболсиз келажакдир. Биз фарзандимизга яхши тарбия бериш орқали келажагимизда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўламиз.

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабига мос равишда тарбиялаш учун мустақилликдан кейин улкан, таҳсинга сазовор ишлар, тадбирлар амалга оширилди.

Ёш авлодни баркамол  ва соғлом вояга етиши учун  муҳтарам президентимиз раҳномолигида жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши ҳам юртимизда ёшларга эътибор жуда катта эканлигини билдиради.

 

Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов,

Олтинкўл туман бош имом-хатиби.