Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган.Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган.

Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади.

Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади.Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!”, – деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидланган (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадисда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).

Машҳур ҳанафий аллома, “Ал-баҳрур роиқ” номли асар муаллифи Ибн Нужайм таъкидлаган: “Агар кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”. Шунингдек, уламолар куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш шариатга зид эканини ҳам таъкидлайдилар. Мисол учун, “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади” деган фатво чиқариш хато ҳисобланади. Аслида шариатга кўра, якка шахсларга нисбатанкуфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиббориб, ўзига тан олдириш лозим ҳисобланади.

Афсуски, айрим ёшларимиз Интернет насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиш номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир.Шу нуқтаи-назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.

Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов,
Олтинкўл туман бош имом-хатиби