Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйишлик банда учун дунё-ю охират саодати гаровидир. У зотга муҳаббат дузаҳдан нажот ва жаннатга кириш учун сабабдир. У зотга муҳаббатга қўйиш, Аллоҳга муҳаббатга қўйишдир, Аллоҳнинг муҳаббати ила жаннат сари йўлдир.
    Биз умматлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйишни қаердан ўрганамиз деган саволга эса, албатта сийратга бағишланган асарлардан ўқиб, ўрганамиз деб жавоб берамиз.
    Биз мўъмин-мусулмонлар учун Робийъул Аввал ойининг илк кунлари, Росулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари муносабати билан бутун юртимиз халқига ўзгача хурсандчилик ва қувонч олиб кирган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Тасаддуқ, ё Росулуллоҳ!” китоби нашр этилиб, ўқувчилар ихтиёрига топширилганлиги албатта ўзига ҳос ўрин тутади.
    Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хаётларини, сийратларини ўрганиш ҳаммамиз учун зарурий масъала ҳисобланади.
    Жорий йилнинг 1-ноябрь куни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигидаги вилоятда фаолият кўрсатаётган шаҳар-туман бош имом-хатиблари, Андижон шаҳар масжид имом-хатиблари, вакиллик ходимлари иштирокида “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус Ислом билим юртида “Тасаддуқ, ё Росулуллоҳ!” китоби тақдимоти ўтказилди.
    Тақдимотни вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйишлик, У зотнинг тарихи ва сийратларини ўрганишликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Тасаддуқ, ё Росулуллоҳ!” номли китоби нақадар муҳим ва кераклиги, китобда келтирилган маълумотларни сийратга бағишланган бошқа асарлардан топиб бўлмаслиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини халқчил услубда, китобхонга жуда ҳам тушунарли тарзида етказилганлиги, маълумотлар халқимизнинг тушунишларига хос тарзида ёзилганлигига алоҳида эътибор қаратди.
     Тақдимотда сўзга чиққат имом-домлалар ҳам “Тасаддуқ, ё Росулуллоҳ!” китобини нашрдан чиқишлиги бутун ҳалқимиз, айниқса Андижон вилояти ҳалқи жуда интизорлик билан кутганлиги, сабаби, бу китоб нашрдан чиқишидан аввал муфтий ҳазратларининг “Тасаддуқ, ё Росулуллоҳ!” туркумидаги маърузалардан баҳраманд бўлганлиги, энди эса қувончга қувонч қўшиб ўша маърузаларнинг китоб шаклида нашрдан чиққанлиги бутун юртимиз, айниқса Андижонимиз учун жуда катта тухфа бўлганлигини эътироф этдилар.
     Тадбир сўнгида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту-шарифлар айтилиб, дуои-хайрлар қилинди.

   

Вакиллик матбуот хизмати