Кечаги кун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилнган расмий хабар қалбимизга яна бир бор шукрона туйғуларини олиб келди. Мана ўша хабар:

   “Бугун, 3 июнь куни “Ҳаж – 2022” мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда ҳаж квотаси ҳам маълум қилинди.

   Брифингда, Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. Маълумот учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этган эди.

   Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий ҳаж мавсуми учун ҳаж квотасининг оширилгани, шубҳасиз, юртимиз зиёратчилари учун жуда катта хушхабар бўлди.

   Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz”

    Бугунги кунда берилган неъматлар учун шукр қилмасак инсофдан бўлмайди. Чунки ота-боболаримиз учун армон бўлиб қолган дориломон кунларга, тўкин-сочинликка ва диний эркинликка етишдик. Балки Мустақилликдан кейин туғилганлар бу буюк неъматнинг қадрини билмаслар, лекин шўро даврини кўрганлар бу кунлар учун ҳар қанча шукр қилса камлик қилади.

    Ҳолбуки у пайтларда хайит намозини ўқиб олиш қанча муаммо эди. Қалбида дин ғами бор зотлар шу омонатни адо қилиш учун яширин тарзда маккапояларининг ораларига жой қилибнамоз ўқиганлари ва ўшанда ҳам таъқибга учраб “райком” вакилидан қўрқиб намозни ҳам чала ташлаб гурра қочганлари айни ҳақиқат.

   Не умидлар ила улғайтириб, орзу-ҳавас ила ўқитиб раҳбар қилиб тарбиялаган падпрбузруквори вафот этсаю, сиёсатдан қўрқиб, ўз отасининг жанозасини ўқимаган раҳбарлар ҳали орамизда.

   Ҳолат шунчалик бўлса, мажлисларда Худонинг номини тасодифан айтиб юборган кишиларнинг бошига не ташвишлар тушганини тасаввур қилиб кўринг.

    Бугун эса муҳтарам Юртбошимиз бизларга Аллоҳни, охиратни эслатмоқда. Бизларни шукронага чақириб шундай демоқда. Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак эмасми?” (“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзланган нутқ)

    Мустақиллик йилларидан бери динимизга қанча эркинликлар бўлмоқда. Имом Бухорийнинг “Ал Жомиъ ас-Саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-Муфрад” асрлари, Бурҳониддин марғилонийнинг “Ҳидоя”, Абу Исо Термизийнинг “Сунан”, мазҳаббошимиз Имом Аъзамнинг “Асарлар”  ва “Муснад” каби машҳур асарлари, ақоид, фиқҳ усуллари, Ҳадис, сийрат, тафсир, араб тили сарфи ва наҳвига доир ўнлаб дарслик ва китоблар нашр этилди.

    Барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларда барча қулайликларга эга юзлаб янги масжидлар қурилди, қадимийлари таъмирланди. Ўнлаб ислом ўқув юртларида азиз ўғил ва қизларимиз ислом таълимотларини чуқур эгалламоқдалар. Бундай бунёдкорлик ишлари барча вилоят ва шаҳарларда ҳам амалга ошириб келинмоқда.

    Имом Ҳасан Басрий айтади: “Одам боласи бир кун ўтса, бу ҳақда фикр қилсин. Агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукрлар айласин. Агар бунинг акси бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор айласин. Зеро,  яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўлдириш мумкин бўлади.”

   Илоҳим, бизларга бераётган неъматларига шукронани илҳом айласин. Неъматларини бардавом қилсин!

Шаҳобиддин домла Парпиев

Асака туманидаги “Муҳаммадсолеҳ” жоме масжиди имом хатиби