Юртимиз узра улуғ байрам кириб келмоқда. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга улуғ неъмат қилиб ато этган байрам – Истиқлолимизнинг йигирма тўққиз йиллиги арафасидамиз. Гарчи бутун дунёда тарқалган пандемия сабабли катта тадбирлар ўтказилмаса-да, лекин халқимизнинг қалбларида қувонч.
Шундай онда юртимиз мустақил бўлганидан кейин эришган ютуқларни ўйлаб, бунинг учун шукрона қилиш вожиб, деймиз. Ҳолбуки, банда ўзига берилган неъматларни эслаб туриши лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ
Яъни: “Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла”. (Зуҳо. 11)
Бугунги кундаги неъматлар шунчалар қадрлики, уни сўз билан ифода қилиш имкони йўқ. Бироқ доимо неъмат ичида бўлган одам унинг қадрини кўп ҳам ҳис қилавермайди. Хусусан Итсиқлол неъматининг қадрини билиш учун ўтмишимиз билан таниш бўлиш керак.
Яқин ўтмишларда диний қадриятлар қаёқда эди. Ҳатто динга нисбатан, диндорга нисбатан очиқ ҳақоратлар, ҳажвиялар, фелъетонлар…
Бугун эса миллий ва диний қадриятларимиз тобора қадр топмоқда. Қадриятларимиз тикланишида ҳукуматимиз ўзи бош-қош бўлиши яна ҳам эътиборлидир. Буни ҳис қилиш учун идрок керак.
Яқин ўтмиш – бундан ўттиз йиллар аввалида она тилимизга халқ томонидан, зиёлилар томонидан эътибор талаб қилиб чиқиш ҳолатлари бўлган. Бу биргина талабдан бошқа қадриятлар қандай аҳволда бўлганини тасаввур қилаверинг. Ундан ҳам олдинги йиллар эса…
Мана бугунга келиб муҳтарам Юртбошимиз диннинг ғамини қилмоқда, бизларга Аллоҳни, охиратни эслатмоқда. Бизларни шукронага чақириб шундай демоқда. “Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак эмасми?” (“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзланган нутқ)
Ҳа, инсоф юзасидан шукрона қилмаслик айни ношукурликдир.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади:
لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ {إبراهيم/7}
Яъни: “Агар шукр қилсаларингиз, албатта зиёда қилажакман. Ва агар куфрона қилсангиз, шубҳасизки, азобим қаттиқдир!” (Иброҳим сураси 7-оятдан)
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ {البقرة/152}
Яъни: “Бас Мени эслангизлар, Мен ҳам сизларни эслай. Ва Менга шукр қилингизлар, куфрона қилмангизлар ”(152 – оят).
Шукр қилинг, ношукур бўлманг.
Ҳусанбой домла Сотволдиев.
Асака тумани “Икром ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби