Аллоҳ таоло шариатда ниманики буюрган бўлса, барчаси инсониятнинг дунёдаги тадориги учун ҳам, охирати учун ҳам фойдалидир. Ниманики ман қилган бўлса, дунё ва охират учун зарарлидир. Шариат кўрсатмаларига нечоғли бепарволик қилинса, шунчалик зарар.

Зарар ва фойда – аҳкомларнинг даражасига кўрадир. Фарз амалларида манфаат барча амаллардагидан ҳам юқоридир. Фарзларни тарк қилишнинг оқибати ҳам шунга яраша ҳалокатли.

Фарз амалларининг ҳар бирининг ўз ўрни бор. Ҳеч бирини тарк қилиш мумкин эмас. Бунга ҳеч ким журъат этмаслиги керак. Ахир бу – бизни ва бутун борлиқни яратган Холиқ таолонинг фармони-ку! Бутун мавждотнинг ёлғиз ва мутлоқ Ҳукмдорининг хоҳишига қандай қилиб қарши чиқиш мумкин?

Аллоҳ таоло бизларга фарз қилган амалларнинг ичида амри-маъруф ва наҳйи-мункар ҳам бор. Яъни соддароқ қилиб айтсак, мўминлар бир-бирларини яхшиликкка ундаб, ёмонликлардан қайтариб туришга мажбурдирлар.

Биз биламизки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу умматни барча умматлар ичида афзали этиб танлади. Лекин бизнинг умматлар ичида афзаллигимизнинг асосий боиси нима, биласизми?

كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْراً لَّهُم مِّنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ

Яъни: “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. (Оли Имрон сураси, 110-оят)

Амри маъруф ва наҳйи мункар имкони бор ҳар қандай мусулмонга фарз.  Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

 عَـن حـُذيـفـَـة رضي الله عـنه   عـَن النبي صلى الله عـليه و سلم  قال: “و الـَّـذِي نـَـفــْسِي بـِيـَدِه  لـَتــَأمُـرُنَّ  بـِالــْمَـعْـرُفِ  وَ لــَتـَنـْهَـون عـَن الــْمُـنـْـكــَر، أوْ لــَيُـشِـكــَنَّ الله أنْ يَبْـعَـثَ عَـلــَيْـكــُمْ عـِقــَابـــًا مِـنـْهُ ثــُـمَّ تـَدْعـوُنـَهُ فـَلا يُـسْـتـَجَـابُ لــَكــُمْ” (رواه الــتِرمـِزي) 

“Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, албатта яхши ишга буюрасиз ва, албатта мункар ишдан қайтариб турасизлар. Ёки бўлмаса тўсатдан Аллоҳ устингизга уқубат(жазо)ни юборадики, сўнгра дуо қилсаларингиз ҳам ижобат бўлмай қолади” (Термизий ривояти)

Ҳа, соддароқ айтсак, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш йўқолиб кетса, офат шундоққина остонамизга келиб Яратганнинг изнига мунтазир бўлиб туради. туради.

Кўчага қаранг – бизлар қайтаришимиз лозим бўлган минглаб гуноҳлар. Биз нима қилмоқдамиз? Худо розилиги учун бирор инсонга насиҳат қила оляпмизми?

Лоақал ўз уйимизни тартибга сола олмаймизми?

Ўғлингиз, қизингиз, набирангиз кўчага чиқиб кетяпти. Қай ҳолатда?

Хотинингизнинг кийнишига назар солинг. Қандай мусулмонки, қандай эркакки, ўз никоҳидаги хотинининг кийимга эътироз қилишга журъати етмаса?

Амри маъурфни аввало уйдан бошлашимиз керак. Кейин жамиятимздаги барча мусулмонлар бир тананинг аъзолари эканлигини унутмаслигимиз керак.

Қуръони каримда ушбу оят борки, уни ўқиб, ибрат олишимиз лозим:

لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوا وَّكَانُواْ يَعْتَدُونَ * كَانُواْ لاَ يَتَنَاهَوْنَ عَن مُّنكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُواْ يَفْعَلُونَ * تَرَى كَثِيراً مِّنْهُمْ يَتَوَلَّوْنَ الَّذِينَ كَفَرُواْ لَبِئْسَ مَا قَدَّمَتْ لَهُمْ أَنفُسُهُمْ أَن سَخِطَ اللّهُ عَلَيْهِمْ وَفِي الْعَذَابِ هُمْ خَالِدُونَ * وَلَوْ كَانُوا يُؤْمِنُونَ بِالله والنَّبِيِّ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مَا اتَّخَذُوهُمْ أَوْلِيَاء وَلَـكِنَّ كَثِيراً مِّنْهُمْ فَاسِقُونَ

Бани Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатландилар. Бу эса, исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди. Улар қилинган ёмон ишдан бир-бирларини қайтармас эдилар. Бу қилмишлари қандай ҳам ёмон бўлди! Улардан кўпларининг куфр келтирганларни валий-дўст тутганини кўрасан. Уларга нафслари тақдим қилган нарса қандай ҳам ёмон бўлди. Аллоҳ уларга ғазаб қилди. Ва улар азобда боқий қолувчилардир” дeб айтган. (Моида сураси, 78 – 80-оятлар) 

Хулоса қилиб айтганда барчаларимиз тарбияни, таълимни аввало ўз хонадонларимиздан бошламоғимиз, фарзандларимизни жамиятга, мусулмонларга фойдали инсон қилиб тарбияламоғимиз, унда аввало, ўзимиз намуна-ўрнак бўлмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидояида бардавом айасин.

Улуғбек домла Сатторов,

Марҳамат тумани “Обиджон Ботиров”

жоме масжиди имом-хатиби