Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонзотларга меҳрибонликлари

535

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам овчи тутиб олган кийикнинг олдидан ўтиб қолдилар. Кийик:

  • Эй Аллоҳнинг расули, елинларим тўлган. Икки боламнинг қорни оч қолган. Мени қўйиб юборсангиз, бориб иккаласини тўйдириб Сизнинг ҳузурингизга келаман, кейин яна боғлаб қўясиз, – деди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:

  • Бировларнинг овини, боғлаб қўйганларини-я?
  • Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга, албатта, қайтиб келишимга Аллоҳнинг номидан аҳд қиламан! – деди кийик.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Аллоҳнинг аҳдини олгач, бўшатиб, жўнатиб юбордилар. У эса орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қайтиб келди. Жаноб алайҳис салоту вас-салом:

  • Бу кийик кимники? – деб сўрадилар.
  • Фалончиники, – дедилар.

Ўша кишидан кийикни совға қилишини сўраб олдилар. Кейин келган йўлига қўйиб юбориб:

  • Агар ҳайвонлар ўлим ҳақида сизлар билганчалик билсалар эди, ҳаргиз семиз нарса емас эдингиз.

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

Асака туман бош имом хатиби

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ