Ҳар йил муборак Рамазон ойи яқинлашганда унга ўзгача тайёргарлик кўрамиз. Сабаби бу ойни янада файзли, шукуҳли ўтказиш учун Рамазонга том маънода тайёргарлик кўриш талаб этилади. Зеро бу ой бошқалари каби оддий ўтиб кетавермайди. Шу маънода қуйида Рамазондан олдин қилинадиган амаллар ҳақида қисқа суратда тўхталиб ўтамиз. Булар Рамазонга тайёргарликнинг бир қисми саналади.

Қариндош-уруғ ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш.

Бу ишни йил бўйи қилиш керак. Аммо силаи раҳм ва меҳр-муравват кўрсатишга Рамазондан олдин алоҳида эътибор билан ёндашиш керак. Бунда фақат моддий жиҳат асосий ўринда бўлмайди. Балки имконини топганлар моддий тарафдан, бошқалар яхши муомала, очиқ чеҳра ва табассум, икки оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам одамлар қалбига хурсандчилик киритишлари, бева-бечоралар кўнглини тоғдек кўтаришлари мумкин. Бу ой бошланишидан аввал имкони борлар қийналган, қаровчисини йўқотган мискин ва бечораларга моддий тарафдан ёрдам берсалар, уларнинг дуоси шарофатидан дунё ва охират ишларига барака киради. Кўпчилик Рамазонда ифторлик қилиб кимўзарга ўйнайди. Аслида ифторликнинг энг яхшиси ҳақдорларга таом бериш ва уларни либос билан таъминлашдир. Мана шуниси Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлади.

Гина-кудуратларга барҳам бериш.

Рамазон кишилар ўртасидаги адоват, жанжал, аразлашиш, гина-кудуратларга барҳам бериш ойидир. Сабаби биродарлар, ака-ука, опа-сингил, қайнона-келин ўртасида низо бўла туриб, тутилган рўзалар, қилинган хатми Қуръон ва бошқа савобли ишлар мукаммал бўлмайди. Балки ҳамма ишни орани ислоҳ қилишдан бошлаш керак. Бунда бир тараф иккинчи тарафдан ўзини паст олиб, айби бўлмаса ҳам ислоҳ таклифи билан чиқса жуда яхши бўлади. Ўзи биров билан урушмаган тақдирда ҳам қайси бир банда арашлашганлар орасини ислоҳ қилса, катта ажр ва мартабаларга эришади.

Бўйнидаги қарзларни тўлаш.

Рамазондан аввал олинган қарзларни узиш ҳам яхши иш. Албатта агар имконингиз бўлса, кечиктирмай дарров олинган қарзни қайтаринг. Шунда қарз берган одам ҳам хурсанд бўлади, қалбингизга хотиржамлик киради. Агар имконингиз бўла туриб, қарзни чўзиб юрсангиз катта гуноҳга қоласиз, қарз берган одамга зулм қилган, унинг ҳаққини еб юрган бўласиз.

Шу ўринда иморат қурган, бирон қурилиш қилаётган кишилар усталар ҳаққини беришни унутган ёки пайсалга солиб юрган бўлсалар, уста ҳақини беришлари лозимлигини ҳам алоҳида эслатиб ўтамиз. Хизмат қилган одам ҳақини бермай чўзиб юриш мусулмон одамга тўғри келмайдиган ишдир. Хуллас, Рамазондан олдин давлат олдидаги қарзларимизни ҳам тўлаб қўйишимиз лозим.

Маҳалллар покизалигига эътибор бериш.

Маҳаллалар, кўча-кўй ва уйларимиз ободлиги, покизалиги билан Рамазоннинг файзига файз қўшилади. Сабаби поклик имондандир. Бу ишни Рамазондан бошқа вақтларда ҳам қилиш керак. Аммо Рамазон ойи киришидан аввал тозаликка, покликка яна ҳам эътиборлироқ бўлиш талаб этилади. Авваллари момоларимиз Рамазондан олдин уй кўтарар қилишарди. Мана шу эзгу амални давом эттириш биз авлодлар бурчидир. Бунда эркаклар бош-қош бўлиб, аёллар билан ҳамкорликда, аҳилликда иш олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўлади.

Поклик деганда фақат уйлар поклиги эмас, балки либос, қолаверса қалб поклиги ҳам назарда тутилади. Юқорида санаб ўтилган ишларни Рамазондан олдин қилиш яхши. Тўғри бу ишларни қилмасдан ҳам Рамазонни ўтказиш мумкин. Аммо кўнгилдагидек эмас. Мусулмон банда йилда бир марта келадиган Рамазон ойини ўзгача тайёргарлик ва кўтаринкилик билан ўтказади. Мана шу нарса унинг имони қай даражада қувватли эканидан дарак беради.

Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов Олтинкўл туман бош имом-хатиби.