Рамазон хайри саховат ойи

48

Рамазони шариф саховат, меҳр-мурувват ойидир. Рамазонда бирор-бир ўксик қалб қолиши керак эмас. Шу сабабдан мўмин-мусулмонларимиз ҳам берадиган закотларини айнан мана шу ойда беришади. Бу ойчалик мўминлар томонидан саховат қилинадиган ой йўқ. Закот, фидя, фитр садақалари берилади, қўшимча хайр-саховатлар қилинади. Демак, Рамазон ойи тўла маънода саховат ойидир.  Бу ойда қилинган саховатга бошқа ойда қилинган саховатга қараганда етмиш кара ажр бор.

Битта нарсани ёддан чиқармаслик зарур – саховатни қилдик, улкан ажрни қўлга киритдик,  кимнингдир қозони қайнайди, кимнингдир иши битади, кимнингдир кўнгли шод бўлади, лекин унданда ката фойдани ўзимиз кўрамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ким бир солиҳ амал қилса ўзи учун”.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хонадонларида бир қўй сўйилди. Ойша онамиз шу қўйни тақсим қилдилар. Расули акрам алайҳис салом келгач, онамиздан сўрадилар: “Қўйдан рўзғорга нима қолди?”. Онамиз айтдиларки: “Битта қўли қолди”. Яъни, рўзғорга қўйнинг бир қўлини олиб қолиб, қолганини тарқатиб юборган эканлар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қўлидан бошқа ҳаммаси ўзимизники бўлибди”, дедилар. Қаранг, рўзғорга қолгани демаяптилар, тарқатиб юборганимиз бизники деяптилар. Ким бўлишидан қатъий назар нима кўмак берсак яхши, ҳеч бўлмаса бу ойда табассум, ширин сўзимизда бўлишими керак, чунки бу ҳам эҳсондир.

Расули акрам (с.а.в) илк пайғамбар бўлган кунлари Макка ташқарисидан кекса бир аёл шаҳарга кириб бозорлик қилди. Ишини битириб уйга қараб кетаётганида қўлидаги юк оғирлик қилди. Йўловчилардан ёрдам сўради, бироқ ҳеч ким ёрдам бермади. Бир маҳал ўрта ёш бир йигит келиб, аёлнинг икки қўлидаги юкни кўтариб олиб, токи уйига қадар олиб бориб берди. Ҳалиги аёл остонасига боргач айтдики: “Ўғлим, мен сизнинг бу яхшилигингизни қандай қайтарсам? Менда ортиқча пул йўқ. Аммо сизга кексалик бир насиҳатим бор. Шу кунларда Маккада Муҳаммад исмли одам пайдо бўлибди. Янги динга даъват этаётган экан. Агарда шу одамга йўлиқсангиз, алданиб қолманг. У одам фирибгар, сеҳргар, ёлғончи, каззоб. Яхшилигингиз эвазига мана шу насиҳатимни олинг.

Ёрдам берган ва шупайтгача жим турган йигит тўсатдан шундай деди: “Сиз айтаётган ўша Муҳаммад – менман”. Аёл сесканиб кетиб, расулоллоҳга қаради, қўли билан қулоғига ишора қилди: “Агар қулоқларим эшитган Муҳаммад Сиз бўлсангиз, мен сизга иймон келтираман. Айтинг, айтинг мен мусулмон бўлай”. Расули акрам алайҳиссалом калимани айтдилар. Аёл қайтарди ва мусулмон бўлди.

Бир аёлни мусулмон бўлишига нима сабаб бўлди? Беғараз яхшилик. Ваҳоланки Пайғамбаримиз алайҳиссалом у кишини мусулмон бўлишига даъват этмаган эдилар.

Олтинкўл тумани «Жалабек ота» жоме масжиди имом-хатиби Отабек домла Ҳусанов