Касб -ҳунар фазилати

152

Барча жонзодлар ичида ўзининг ақл, фаросат ва фаҳми-идроки билан мумтоз бўлган инсон тириклик ҳаётида ҳуррият ва фаровонликда яшаши учун унга меҳнат қилиш, ҳалол ризқлар билан умр ўтказиш ва бунинг эвазига катта ажру-савобларга эга бўлиб, Аллоҳ розилигини топиш борасида зарур тавсияларни бериб, жумладан, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради ва Аллоҳ розилигини топишга васила бўлади. 

Инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқатлар ва бошқа рўзғор анжомлари, поклик воситаларига, либосга муҳтож бўлинади.  Буларнинг барчаси касб-ҳунар орқали вужудга келади. Ўтган барча пайғамбарлар ва элчилар ҳар бирлари касб-ҳунар билан машғул бўлиб, ҳаёт кечирганлар. Одам алайҳис салом буғдой сепганлар ва уни ўриб, дон қилиб, тегирмондан ўтказиб, хамир қилиб, нон ясаганлар. Нуҳ алайҳис салом дурадгор-уста бўлганлар. Довуд алайҳис салом совут, Сулаймон алайҳис салом чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар, Закариё алайҳис салом нажжорлик қилган. Пайғамбаримиз алайҳис салом қўй боққанлар. Барчалари ўзлари қилган касбларидан ризқланиб ҳалол-пок ҳаёт кечирганлар. Касб-ҳунар эгаллаш ва шу асосда ҳаёт кечириш ҳақида Ислом оламида биринчи бўлиб Имом Аъзам розияллоҳу анҳунинг шогирдлари Имом Муҳаммад розияллоҳу анҳу «Китоб ал-иктисоб» (яъни, «Касб-ҳунар») асарини ёзиб, касб-ҳунарни эгаллаш борасидаги Ислом таълимоти назарияси асосларини мукаммал равишда баён қилиб берди.

Мамлакатимиз ўзининг мустақиллигига эришган дастлабки вақтларданоқ таълим-тарбия тизимида ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўлларини янада такомиллаштириш ва уларнинг моддий ва маънавий асосларини вужудга келтириш соҳаларида катта ишлар амалга оширилди. бугунги кунда касб-ҳунарга алоҳида эътибор берилаётганлиги ҳамда ёшларни уста-шогирд йўналишини қўллаб-қувватлаши тахсинга сазовордир.

Андижон шаҳар “Шаҳидтепа” жоме масжиди

имом-хатиби:   Абдуносир Ахбоев