Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Роҳийм – Аллоҳ таолонинг гўзал исм-сифатларидан бири бўлиб, «раҳмати давомий» маъносидадир. Мазкур исм Қуръони каримда 115 марта такрорланган.
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 43-оятида «Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ўта меҳрибон бўлган зот» деб марҳамат қилади. Дарҳақиқат, Роббимиз мўмин бандаларига жуда меҳрибон .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У Зот айтадилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Қалбида хантални уруғича иймони бўлганларни дўзахдан чиқаринглар». Яна айтадики: «Иззатим, Буюклигимга қасамки, Менга иймон келтириб, кечаю кундузда бир муддат бўлса-да Мен учун амал қилганларни иймон келтирмаганлар билан тенг қилмайман».
Бу ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бандалар оз амал қилсалар ҳам, уларни мукофотсиз қўймаслигини айтмоқда. Ушбу ҳадиси қудсий Ҳақ таолога муҳаббатни ва амалларга бўлган ҳарисликни янада зиёда қилади.
Иброҳим ибн Адҳамдан ҳикоя қилинади. У зот айтадилар: «Каъбани тавоф қилиш учун унинг атрофида тавоф қилаётганлар камайишини узоқ вақт кутиб қолдим, ҳатто қеч кириб қоронғи бўлиб кетди, шиддатли ёмғир ҳам ёға бошлади, Каъба атрофида одам қолмагандан кейин тавоф қилишга киришдим ва шундай дуо қила бошладим: «Аллоҳим, менга исмат бер, Аллоҳим менга исмат бер» (Исмат пайғамбарларга бериладиган сифат бўлиб, Аллоҳ таолога гуноҳ қилмасликдир) шу пайт ғойибдан бир овоз менга шундай деди: «Эй Ибн Адҳам, сен Мендан гуноҳ қилмасликни сўраябсан, Мендан барча инсонлар гуноҳ қилмасликни сўрайди, агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Мен кимга раҳм қиламан».
Аллоҳ таолонинг неъматларини санасак, адоғига ета олмаймиз. Бу сон-саноқсиз неъматлар ичида энг улуғи иймондир. Инсон иймон туфайли икки дунёда азизу мукаррам бўлади. Роббимиз Роҳийм сифати билан тажалли этиши учун ҳам иймон лозим бўлади. Биз бунинг мисолини Иброҳим ибн Адҳам ҳикоясида кўрдик. Парвардигоримизнинг раҳматидан ҳар икки оламда насиба олиш, илоҳий ҳузур топиш ҳаммамизга насиб айласин.
Акмалжон домла Рахмонов
Андижон тумани “Кӯк тӯнли ота” жоме масжиди имом-ноиби