Қутайба ибн Муслим ҳазратлари ҳақида

1325

Тарихчи олим Мухаммад Наршахийнинг ёзишча  Ҳазрати Қутайба ибн Муслим 42-ҳижрий (661- мелодий)да Шом яъни Суриянинг Бохилий деган жойида таваллуд топдилар.

Қутайба ибн Муслимнинг тўлиқ исми-шарифи Амир Қутайба ибн Муслим ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Робия ибн Холид ибн Усайд Аль-Хайр бўлган.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари ўз қавмида шарафга эга, адиб ва олим эдилар. Қўл остидагиларга нисбатан адолатли, юксак аҳлоқ соҳиби, ҳақиқатгўй эдилар. Қутайба ибн Муслим ҳазратлари юзаки камтарликни ёқтирмас эди.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Араб лашкарбошчиси бўлиб, интизомни мустаҳкам сақлаган, истеъдодлик, қатъийятлик ва иродаси мустаҳкам бўлганлар. Ҳар қандай ишни маслаҳат ила амалга оширар эди.

Қутайба ибн Муслим 72-ҳижрий (691- мелодий) йили Араб ҳалифаси Абдураҳмон ибн Марвон томонидан Хуросонга ноиб этиб юборилдилар. Хуросонда давлат ишлари билан бирга Ислом  динини халққа етказиш ва уни мустаҳкамлаш, бу ерда яшовчи халқларни Исломга киритиш, Масжид ва Мадраса қурдиришдан иборат бўлган.

Шу мақсадлар ила 87-ҳижрий (706-мелодий)да  Зарафшон водийсини забд этдилар, водийнинг энг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Пойкентга келадилар.  89-ҳижрий  708-мелодий йили Марв, Кеш (Шахризабз)га, 90-ҳижрий  709-мелодий  йили Бухорони забд қиладилар.  93-ҳижрий 712-мелодий йили Хоразм ва Самарқандга борадилар. 94-ҳижрий 713-мелодий йили бахоридан Ҳазрат Шош (хозирги Тошкент)га ундан Фарғона водийсига, то Хитойнинг  Қашқар ва Урумчисигача етиб бордилар.

Бу ерларда яшовчи аҳолининг барчасини усталик ва тадбиркорлиги билан Ислом динига даъват қилдилар, уларни Ҳазрати Мухаммад (с.а.в.)га умматлик бахтига мушарраф қилдилар.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари қайси шахарга кириб келсалар, аввало ўша шаҳар халқини Ислом динига даъват қилар эдилар. Ўз ихтиёрлари билан Исломни қабул қилганларни рағбатлантирганлар, ҳар-хил имтиёз берганлар. Масалан: Ер солиғидан, ўғилларини суннат қилганларни жузъя (жон) солиғидан озод қилганлар. Бу у зотнинг динни ёйишлигидаги уддабуронлиги бўлса, берган имтиёзлари халқпарварлиги эди.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари қайси шаҳарни забд қилсалар, ўша шаҳарга масжидлар, мадрасалар ва азон айтиш учун миноралар қурдирганлар. Хусусан, мовароуннаҳр диёридаги биринчи масжидни Бухоро шаҳрида 712 йилда қурдирганлар.

Мўътабар китобларимизда Қутайба ибн Муслим ҳазратлари тўғрисида жуда кўп хабарлар бор. Исмоил Ҳаққий (р.а.) Тафсир ул-Рух ул-Баён китобларида шундай ёзадилар …“Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Жайхун (Амударё)га келганларида бирга келган аскарларига қарата айтдилар “Эй биродарлар! қалбингизда заррача дунё (бир шаҳарни босиб олиш, бойлик ортириш, инсонларга зулм қилиш) умиди бўлса шу ерда қолинг, қалбинггизда Аллоҳ таолонинг розилиги ва унинг динини етказиш  бўлса менга эргашинг деб,  “Парвардигор, ўзинг гувоҳсан бизларнинг қалбимизда заррача дунё умиди бўлса, шу дарёда чўктиргин, қалбимизда фақат сенинг динингни етказиш бўлса бизларга шу дарёдан нажот бергин” деб дуо қилдилар ва дарёга от солдилар. Бутун аскарлари билан саломат дарёдан чиқдилар”.

Қутайба ибн Муслимнинг адолатларвар ва халқпарварлик, ҳар қандай ҳолатда адолат билан иш тутганлигини тарих манбаларида келтирилган қуйидаги воқеа ҳам яққол намоён этади. Ўша даврда одамлар масжидга йиғилишди. Муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўтқазди. Сўнг Қутайба ибн Муслим чақирилиб даъвогар ёнига турғизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: “Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов; ислом ёки жизя ёки ҳарбни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди”, деди.

Қози Қутайбага юзланди ва: “Бу шикоятга нима дейсан?”, деди. Қутайба унга жавоб қилди: “Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон уришадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга исломни танитдик!”

Қози унга: “Эй Қутайба, уларни исломга ёки жизяга ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?”, деди. Қутайба жавоб қилди: “Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик”. Шунда қози деди: “Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолатла туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасам биз уйимиздан покиза Ислом динини ёйишлик учун жидди жаҳд қилиш учун чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ ундан олий бўлиш учун чиқмаганмиз!”.

Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: “Мусулмон қўшининг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва ислом ёки жизя ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва пайғамбари (с.а.в.)нинг суннатининг татбиқи бўлади”.

Самарқанд аҳлини ҳайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланишди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин, дея улар ўзаро гаплашишарди. Иш узоқ чўзилмай Самарқанд аҳли ҳаммалари исломни қабул қилганди.

Яна бир ибратли воқеа. У зот Хуросонга кириб келганларида у ернинг аҳли бўлган бир одам туриб турли мақтовли сўзлар билан шеър айта бошлади. Шунда у “Сен мен билан яшаб кўрдингми? Нега маддоҳлик қиласан” деб уни тўхтатиб қўйдилар.

Қутайба Ибн Муслим ҳазратларининг шахсияти ғайратли, уддабуррон лашкарбоши, адолатли пешво, хиёнатни севмаган, илм – урфонга, шеъриятга яқин нозиктаъб инсон сифатида гавдаланади. Аммо, Совет Иттифоқи таълим тизимларининг тарихчилари материалистик мафкурага асосланганлиги учун уни қонхўр, золим, адолатсиз ва илм – фан, маданиятнинг ашаддий душмани сифатида таърифлаганлар. Афсуски, бизнинг Ўрта Осиёлик айрим тарихчилар ҳам ислом динининг бу ерларга тарқалиши масаласини ёритишлик шундай хатоликларга йўл қўйганлар.

Қутайба ибн Муслим ҳазратларининг дўсти Абдул Малик ибн Марвон ўша даврдаги мусулмонларнинг амири бўлган. У ўзининг дўсти ва яхши таниган, яқин одами сифатида имом Қутайбани Хуросон вилоятига ноиб қилиб тайинлаган эди. Абдул Малик тақводор обид бўлган. Ибн Саъднинг хабар беришича, у аввал Мадинайи мунавварага амир қилиб тайинланган. У Усмон ибн Аффон, Абу Ҳурайра, Абу Саид, Умму Салама ва Муовия каби улуғ одамларнинг насиҳатларини эшитган. Унга қадар мусулмонлар орасида Абдул Малик деган ном бўлмаган.

Дахрий тарихчилар “китобларни куйдирган, олимларни ўлдирган” деб сифатлаган Қутайба ибн Муслимни Хуросон вилоятига мана шу – маърифатпарвар, адолатпарвар, халқпарвар Абдул Малик ибн Марвон волий қилиб тайинлаган эди. Сиёсат тарихи ва табиатидан маълумки, ҳар бир давлат бошлиғи муҳим мансабларга ўзига ҳамфикр одамларни тайинлайди. Халифа Абдул Малик ҳам Мадинайи мунавварадаги тўрт алломанинг бири, илм-маданият жонкуяри бўлароқ, ўзи каби дунёқарашга эга бўлган Қутайба ибн Муслимни Хуросон вилоятига волий қилиб танлаган эди.

715-мийлодий йилнинг иккинчи ярмида халифа Валийд вафот этиб, ҳокимият унинг укаси Сулаймон қўлига ўтганида Қутайба ибн Муслим унга хизмат қилишдан бош тортган. Чунки, у отаси ва оғаси каби маърифатпарвар, олим ва донишманд эмас, табиийки, Қутайба у билан ҳеч бир масалада келиша олмас эди. Бундан ғазабланган Сулаймон ўша йилнинг охирида махсус жаллод юбориб, Фарғона водийсида Қутайба ибн Муслимни ва унинг оиласидаги ўн бир кишини қатл қилдирган ва кейинроқ бу қилмишидан пушаймон чеккан эди! Бу воқеалар хусусида араб шоири Жарир: Бир яралган Қутайбани ўлдирдилар, Жони учиб кетгандан сўнг ўкиндилар! Дунёдаги бу пушаймон ҳеч нарсамас, Охиратда “аттанг!” деган ёмон бўлар! деб ёзган эди.

Яна бир манбааларда Туркий халқлар Қутайба ибн Муслим ҳазратлари ўлдирилганида “Эй араблар! Уни ўзингиз ўлдирдингиз, агар у биздан бўлганида эди – биз уни қадрлар эдик. Агар вафот қилса, ундан барака хосил қилишлик учун тобутга солиб, жангларимизга олиб чиққан бўлар эдик” деган эканлар.

 Юртимизда қанчадан қанча халқ мўмин-мусулмон бахтига мушарраф холда яшаб келдилар ва келмоқдалар. Нафақат оддий мусулмон балки Ислом динининг ривожи ва тараққиёти учун ҳисса қўшган олим ва уламолар бу юртлардан етишиб чиқдилар. Хусусан, Имом Мотуридий (р.а.), Имом Бухорий (р.а), Имом Нақшбандий (р.а.), Имом Бурхониддин Маргилоний (р.а)дек зотлар. Бу зотларнинг исмларининг ўзини ёзилса,  уламолар исмларидан иборат алоҳида бир китоб хосил бўлади.  Бу Қутайба ибн Муслим ҳазратларининг дуоларининг шарофатидан ва холис ҳизматларидан.

Шундай улуғ мўътабар инсон   715 – мелодий йили бизнинг азиз диёримиз, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманининг Қиличмозор тупроғига дафн қилинганлар.

Фойдаланилган адабиётлар:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф – Ислом тарихи;

Шайх Муҳаммад Хузарий – Уммавийлар давлати тарихи;

Шайх Исмоил Бурсавий – Рухул Баён тафсири;

Махмуд Шайт Хаттот – Мавороуннаҳр қўмондарлари;

Имом Наршахий – Бухоро тарихи;

Ўзбекистон Ислом энциклопедияси.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакили,

вилоят бош имом-хатиби

Н.Холиқназаров