Қуръон ўқиётиб нега йиғлайолмаймиз?

985

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга шогирдларидан бирининг хабари етиб келди. Унга кўра, у ҳар кеча бедор бўлиб, Қуръони Каримни хатм қилар экан.

Имом уни чақиртириб, унга Қуръони Каримни тадаббур билан ўқишни ўргатмоқчи бўлди.

-Бугун бориб, кечани қоим қиласан. Қуръони Каримни эса менга ўқиб бераётгандек тасаввурда ўқийсан. Гўё мен сени кузатиб тургандек. Нима бўлганини менга айтарсан?

Эртаси куни шогирд имом ҳузурига келди. Тун бўйи ўн порадан ортиқ ўқий олмагини айтди.

Имом айтди:

-Бугун бориб, Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб бераётгандек тасаввурда ўқийсан.

Шогирд келиб, тун бўйи «Амма» порасини ҳам тугата олмаганини айтди.

Имом айтди:

-Бугун бориб, Қуръонни Аллоҳ таолога ўқиб бераётгандек фикрда ўқийсан!

Шогирд ҳайрон қолди.

Эртаси куни кўзида ёш, қаттиқ уйқусизлик аломати кўриниб тургандек, қўрқинч билан кириб келди.

-Нима бўлди, болам? сўради имом.

Шогирд йиғлаганча:

-Аллоҳга қасам, тун бўйи «Фотиҳа» сурасини тугата олмадим.

Ибрат…

Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи. Уни тилингиз билан эмас, қалбингиз билан ўқинг!

 ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

ходими Искандарбек Закиров