Бурч

1158

Биламизки инсон зоти кимдандир ниманидир ўрганишга муҳтож бўлади. Фарзанд аввало, оилада ота-онасидан тарбия олса, устозларидан эса таълим олиб улғаяди. Шу ўринда ҳар бир оқил инсон ота-она ва устозлардек азиз инсонлардан ҳаётда эришган барча ютуқлари учун қарздор эканини ҳис қилиб яшаш асносида, муътабар инсонларга миннатдорчилик сифатида умрбод хизматларида бўлишга ҳаракат қилади.

Лекин инсоннинг фозил, собир, иболи, тўғрисўз, ҳалол ва шу каби гўзал фазилатли бўлиб камол топишида Пайгамбаримиз (с.а.в.) ҳаётлари, турмуш тарзлари энг буюк ўрнак вазифасини ўташи шубҳасиздир. Шу маънода, буюк зот Расули Акрам (с.а.в.) ҳақларига муттасил дуода бўлишлик, зикр билан машғул бўлишлик, жумладан, муборак исмларини эшитганда, ул зотга саловот юборишлик ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Бу борада, Абдуллоҳ ибн Маъсуд (р.а.) шундай ривоят қиладилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни бир қавмга «Жаннатга киринг», деб буюрди. Улар қиёмат аросати сахросида хайрон бўлиб туришганида, «Ё Расулуллоҳ, бу қавм Сизнинг умматларингиздан эмасми ва нима учун жаннатга кирмаяптилар?» – деб сўрашади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «»Бу қавм хато ва камчилик қилиб, менинг исмимни эшитганда саловот айтишмаган. Шу боисдан Жаннатга йўлини топа олмай хайрондирлар», – деб жавоб берадилар.

Расулулоҳ (с.а.в) дан ривоят қилинади: «Агар умматларимдан кимки, ҳар куни менга беш юз марта саловат айтса, умри буйича ҳеч қачон фақирлик ва муҳтожликни кўрмайди».

Жаноб Набий (с.а.в.) яна шундай ривоят қилаилар:   «…Менинг исмимни  ҳар бир мусулмон ҳузурида ёд этса ва эшитувчи «Соллаллоҳу алайҳи ва саллам», – деб айтса, бир фаришта: «Аллоҳ таоло сени мағфират этсин!» – деса, иккинчиси «Омин!» – дейди. Агар менинг исмимни эшитиб, саловот айтмаса, бир фаришта: «Аллох таъоло сени мағфират этмасин!» -деса,  иккинчиси «Омин!» – дейди» – деб марҳамат қилган экан.

Демак, улуғ инсонлар ҳақларини адо этиш учун қўлдан келганича хизматларини бажариш, ҳаққига дуо килишда бардавом бўлиш мўъмин-мусулмонларнинг биринчи галдаги вазифаси экан, буни бир дам бўлса-да унитмаслик керак. Солаллоҳу алайҳи васаллам.

Андижон шаҳар, «Пистамозор» жоме

масжиди имом-хатиби Хайруллоҳ Сулаймонов