Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча пайғамбарларнинг мутақаддами, аввали эканликларига уламоларимиз кўплаб далиллар келтирганлар.  Далилларга асосан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам замон ва даврга нисбатан барча пайғамбарлардан кейин келган бўлсалар-да, маънавият жиҳатидан аввалгиси ҳисобланадилар. Барзанжий раҳимаҳуллоҳнинг мавлид қасидаларида келтирганидек

من هو آخر الانبياء بصورته و أولهم بمعناه

“Ул зот кўринишида пайғамбарларнинг охири бўлса-да, маъно жиҳатидан аввалларидир”.

Жалолиддин Суютийнинг “Ал-хасоъисул кубро” китобларида келтирилишича  Саҳл ибн Солиҳ Ҳамадоний Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Алидан сўради:

  • Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай қилиб пайғамбарларга мутақаддим бўлдилар, ҳолбуки охири жўнатилган бўлсалар?

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Алижавоб берди:

  • Аллоҳ таоло айтган:

         وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِن بَنِي آدَمَ مِن ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنفُسِهِمْ أَلَسْتَ بِرَبِّكُمْ

            Яъни: “Раббинг Одам болаларининг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?» деганида; «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла”.

Ўшанда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг биринчи бўлиб “Худди шундай!” деганлар. Шунинг учун пайғамбарларнинг энг муқаддами бўлдилар.

قيل يا رسول الله متى كنت نبيا قال وآدم بين الروح والجسد

وأخرج ابن سعد عن مطرف بن عبد الله بن الشخير أن رجلا سأل رسول الله {صلى الله عليه وسلم} متى كنت نبيا قال بين الروح والطين من آدم

            Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

  • Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз қачон пайғамбар бўлгансиз?
  • Мен пайғамбар бўлганимда Одам (алайҳис салом) ҳали руҳ ва жасад орасида эди. (Бухорий (“Тарих”да), Аҳмад, Табароний, Ҳоким, Байҳақий, Баззорлар Майсара, Абу Ҳурайра, Ибн Аббослардан ривоят қилганлар)

Ибн Саъд Мутриф ибн Абдуллоҳдан қилган ривоятида: “Одам руҳ ва лой орасида” дейилган. Валлоҳу аълам.

واخرج احمد والحاكم والبيهقي عن العرباض بن سارية قال سمعت رسول الله {صلى الله عليه وسلم} يقول إني عند الله في ام الكتاب لخاتم النبيين وإن آدم لمنجدل في طينته

            Арабоз ибн Сориядан ривоят қилинади:

            Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Мен Аллоҳнинг ҳузурида Уммул Китобда “Хотамун набиййин” бўлганман, Одам эса лойга қорилиб ётган эди”, деганлар. (Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ривоятлари)

Бизларни шундай улуғ мартаба соҳиби бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруди саловотларимиз бўлсин!

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими