— Коранавирус (COVID-19) касаллигини дунё бўйлаб тўлқини шиддат билан тарқалиб унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида уни юқумли касаллик эканлиги ваҳимаси кучаяётган пайтда, бизлар учун энг яхши усул ва даво бу уйда оила бағрида ўтиришлик. Асосий муолажа ҳам шу. 

— Дунё Ислом уламолари эса, бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

{ أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِكْكُمُ المَوْتُ وَلَوْ كُنْتُمْ فِي بُرُوجٍ مُشَيَّدَةٍ } [ النساء : 78 ]

Яъни: “Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо сураси, 78-оят).

Бошқа бир ояти каримада эса:

{ وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ } البقرة:195.

Яъни: “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”, — дейилган (Бақара сураси, 195-оят).

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларининг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом шундай деганлар:

إِنَّ هَذَا الْوَبَاءَ رِجْزٌ أَهْلَكَ اللَّهُ بِهِ الْأُمَمَ قَبْلَكُمْ وَقَدْ بَقِيَ مِنْهُ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ يَجِيءُ أَحْيَانًا وَيَذْهَبُ أَحْيَانًا فَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ فِي أَرْضٍ فَلَا تَأْتُوهَ  (رواه الامام احمد عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه)

Яъни: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

— Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бир муддат ўтгач, Абу Бакр ва Билол разияллоҳу анҳумони иситма (безгак, вабо) тутди. Бу ҳақда Пайғамбаримизга хабар берилганда, У Зот алайҳиссалом вабонинг кўтарилиши ва Жуҳфа деган жойга кетишини сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг дуоларини қабул қилди (Имом Байҳақий ривоятлари).

Вабо ва ўлат (эпидемиялар) сабабидан вафот этган мусулмонлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

الطَّاعُونُ شَهَادَةٌ لِكُلِّ مُسْلِمٍ (رواه الامام البخاري عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

Яъни: “Вабо – ҳар бир мусулмон учун шаҳидликдир” (Имом Бухорий ривояти).

— Тарихда Юсуф алайҳиссалом Миср азизи (вазири)нинг аёли уни зинога чорлаган пайтда энг аввало Аллоҳ таолодан паноҳ сўраган. Марям онамизга Жаброил алайҳиссалом одам қиёфасида кўринганида у зот ҳам энг аввало: “Мен Раҳмондан сендан паноҳ беришини сўрайман”, – дедилар. Демак, мусулмон киши бирор мусибатга йўлиқса, аввало Аллоҳ таолодан бу балоларни даф қилишини, машаққатларни енгиллатишини сўраб дуо қилиши лозим бўлади. Банданинг бошига келадиган касаллигу ташвишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тақдири илоҳийсидир.

— Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

ولا يرد القدر إلا الدعاء …  (رواه الامام ابن ماجة عن ثوبان)

Яъни: “Қазои қадарни дуогина қайтаради”, – деганлар (Имом ибн Можа ривоятлари). Азизлар ҳозирги вазиятда яна бозорларимизда аҳоли учун зарур озиқ-овқатларни сунъий нархини кўтарилганини гувоҳи бўлиб турибмиз.Аслида пишиқчилик даврида бу даражада ошиб кетмаслиги керак. Давлатимиз бу борада ҳам зарур чоралар кўрмоқда. Дори дармонлар ҳам дорихоналарда бисёр, лекин нарх навосини нафсга берилиб ошириб юбормаслик зарур. Чунки шундан топилган маблағ билан оиламизни боқамиз, ўзимиз еймиз. Қуввати билан намоз ўқиймиз, ибодат қиламиз, юрт, эл, фарзандларимизни хаққига дуолар қиламиз.

— Дуони ижобат бўлиши учун аввало инсоннинг луқмаси ҳалол бўлиши, дуосининг қабул бўлишига қатъий ишониши ва дуо ижобат бўладиган муборак вақтларни эътиборга олиши лозим.

— Қуръони карим инсоннинг ҳиссий ва маънавий касалликларига шифо бўлади. Аллоҳ таоло Исро сурасиниг 82-оятида шундай марҳамат қилган.

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

яъни: “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз”.

— Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон қилсин. Барча муолажа олаётган беморларга шифойи кулли ато айласин.

Ботиржон домла Фахриддинов,

Андижоне шаҳри “Мирпўстин ота” жоме

масжиди имом-хатиби