Бугунги кунда ер шари аҳолисининг асосий муаммоси коронавирус пандемиясига қарши кураш бўлиб қолди. Кимлардир олға интилмодқа, кимлардир чарчашга келиб қолди. Курашнинг эса, охири ҳали кўриниш бермаяпти.

Бутун дунё мамлакатларининг пандемияга чалиниши ва унинг оқибатида бўлаётган ўлимлар сонини таҳлил қилар эканмиз, юртимизда алҳамдулиллоҳ, ҳолат анчагина яхшилигини кўрамиз. Бу эса биз учун пандемияга қарши курашиш учун имкониятлар эшиги анчагина катта очиқлигига далолат қилади.

Шу билан бирга бепарволикдан қочишимиз, балки ўз вақтида кўзимизни очишимиз керак. Акс ҳолда эртага машаққатга қолишимиз ҳеч гап эмас.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатиб турибдики, курашнинг энг самарали усули карантин қоидаларига риоя қилиш экан. Доимо озодаликка эътибор бериш, ўта зарурат бўлиб қолмаса беҳудага кўчага чиқмаслик, замонавий қилиб оғиз-бурун ўпиб ёки қучоқлашиб кўришмаслик, дезинфекция ишларини ўз вақтда амалга ошириш кабилар. Булар ҳаммаси қилса бўладиган оддий ишлар. Бажарилиши осон, самараси юқори.

Лекин орамизда ҳамон бу ишларни менсимаётганлар йўқ эмас. Бу қоидаларга риоя қилишда мунтазам бўлсак эди, қайтадан кучайтирилган карантин жорий қилинишига ҳожат бўлмас эди, балки.

Соғлом турмуш тарзи бўлса, юртимиз обод, турмушимиз фароғон, ҳаётимиз чароғон бўлиши турган гап. Шунда иқтисодиётимиз ҳам ривожланади. Иқтисодиёт эса кунлик эҳтиёжимиз. Дунёда тирик эканмиз, тирикчилигимиз омили бўлган иқтисодиёт ҳаммамиз учун эътиборлидир.

Бир томондан қараганда халқимиз томонидан карантин қоидаларига анчагина риоя қилинаётганини кўрамиз. Ҳатто норасида гўдаклар ҳам ниқоб тақишга одатлангани бунга далил бўлади.

Бошқа томондан қарасак, кимлардир бу қоидаларни менсимаяпти. Ҳатто иссиқда терлаб-пишиб махсус кийимга ўралиб бизнинг ғамимизни кўраётган ходимларга ҳурматсизлик қилишади. Бу аҳволда ўзимиз учунгина эмас, жамият учун катта талофат етказишимиз мумкин.

Юртбошимиз неча бора бизларга мурожаат қилмоқда. Унга аҳамият бериб, сал эътиборлироқ бўлишимиз керак.  8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида ҳам бу борада шундай деди:

“Юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.

Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин. Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!

Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

 Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги шарт. Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.

Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”. (uza.uz)

Ҳа, азизлар. Ҳаёт ҳали олдинда. Келажак бизлардан кўп яхшиликларни кутмоқда. Яхшиликларга эришиш учун энг аввало

                       

ЎЗИНГИЗНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ!

Ҳусанбой домла Сотволдиев,

Асака туманидаги “Икром ҳожи”

жоме масжиди имом-хатиби