1. Ҳар қандай ҳолатда мусулмон инсонга Роббисига суянишлиги ва ҳар бир иш Унинг қўлида эканлигига ишонишлиги лозим.

Аллоҳ таоло Қурьони Каримнинг «Тағобун» сураси, 11-оятида 

шундай марҳамат қилган:

«Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусийбат етмас.»

Аллоҳнинг қазои-қадарисиз, илмисиз ҳеч бир мусийбат етмайди, деган эътиқод доимо инсон хотирасида туриши керак. Чунки ҳар бир иш У Зотнинг ҳукмида бўлиб, Унинг иродаси билан бўлади. Аллоҳ хохлаган нарса бўлади, хохламагани эса бўлмайди.

Шундай экан ҳар кишига лозим бўлган иш шуки, ишларини Аллоҳга топширсин. Офиятни, шифони, саломатликни фақат Роббисидан умид қилсин.

  1. Мусулмон инсон Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтиб, тоатларини муҳофаза қилишлиги керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қилган васийятларида шундай деганлар:

«Аллоҳни муҳофаза қил, (яъни, Аллоҳнинг барча буйруқларини бажар,) шунда Аллоҳ сени муҳофаза қилади».

 Аллоҳ таолони буйруқларини муҳофаза қилиш, банда ўзини, саломатчилигини дунё ва охиратда муҳофаза қилишликка сабаб бўлади.

  1. Ислом динида инсон касал бўлса, даволанишлик сабабларини қилишликка буйрулган. Шифо талабида даволанишлик Аллоҳга таваккул қилишга зид эмас. Динимизда икки хил даволашлик тури бўлиб, икисига ҳам бирдек буйрулганмиз.
    • касаллик етишидан олдинги даволашлик.
    • касаллик етгандан кейинги даволашлик.

Инсон аввало касалликка чалинмаслик чораларини кўриши керак. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини вабо тарқалган жойга бормасликка буюрганлар. Сабаби у жойга боришликда касалликни юқиш хавфи бор. Бормаслик билан эса касалликни юқиш хавфи олинади. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги Коронавирус касаллиги бутун дунёга тарқалган айни вақтда, ушбу касаллик билан касалланиб қолмаслик чорасини кўришимиз бу нафақат давлатимизни балки, динимизни ҳам кўрсатмасидир.

Зеро, давлатимиз томонидан одамларни бу касаллик билан касалланиб қолишлигини олдини олиш мақсадида юртимиз бўйлаб карантин эълон қилинди. Биз буни тўғри тушуниб, тўғри қабул қилиб, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз керак. Бу билан ўзимизни, оиламизни, яқинларимизни соғлигини сақлаш баробарида, динимизнинг таълимотига амал қилаётган бўламиз.

Касалликни ўзига юқтириб олган инсонлар эса, дарҳол шифокорларга мурожаат қилиб, даволанишлик чораларини кўришлиги лозим.

  1. Мусулмон киши турли хил ёлғон миш-мишларга эргашмаслиги ва уни тарқатмаслиги лозим. Баъзи инсонлар мана шундай оғир ҳолатда ҳам асоссиз, ҳақиқати йўқ гапларни тарқатиб, одамларни орасида ваҳима, қўрқув, келишмовчиликларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқдалар. Айниқса ижтимоий тармоқлар мана шундай ёлғон маълумотларга тўлиб кетган. Ҳақиқий мусулмон инсон бунақанги миш-мишларга берилмасдан, иймонини тақозосига кўра, Роббисига чиройли таваккул қилиб ҳаёт кечиради.
  2. Мусулмон инсон соғлигига, оиласига, фарзандларига, молига, ёки тижоратига бирор мусийбат етса, чиройли сабр қилади ва буни эвазига Аллоҳдан савоб умид қилади. Бу билан банданинг Роббиси ҳузурида мартабаси кўтарилади.

Аллоҳ таоло Қурьони Каримнинг «Бақара» сураси, 155-157-оятларида 

шундай марҳамат қилган:

«Ва, албатта, сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта, Биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва, албатта, биз У зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир»

Шундай экан бирор мусибатга дучор бўлсак, уни ҳақиқий мусулмонга муносиб тарзда қабул қилишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таоло барча ишда унга суянишимизни ва шу сабабли бизни азиз, қадримизни баланд қилишни   хоҳлайди.  

Аллоҳ таоло юртимизни турли хил бало-офатлардан, халқимизни эса Коронавирус касаллигидан Ўзи асрасин. Тез кунларда бутун дунё ушбу офатдан халос бўлиб, яна авалгидек тинчликда, хотиржамликда, фаровон ҳаёт кечиришимизни насиб айласин.

Нодирбек домла Кенжаев,

Андижон шаҳри “Бобо Таваккул”

жоме масжиди  имом-хатиби